Ўзбекистон | 19:31 / 08.02.2023
17941
6 дақиқада ўқилади

Гумондор, наркотик ва бомбани топадиган исковуч итлар қандай тайёрланади?

Туркияда вайронкор зилзила рўй бериб, вайроналар остида қолган инсонларни топишда исковуч итларнинг ҳам хизмати беқиёс бўлмоқда. Итлар нафақат одамларни, наркотик ва бомбаларни, далилий ашёнинг исидан жиноятчини ҳам аниқлаб бера олади.

Бундай исковуч итлар қандай тайёрланишини биласизми? Айниқса халқ орасида наркотик топадиган итлар атайлаб “наркоман” қилиниши ҳақида гап-сўзлар юради. Бугун мана шулар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасига қарашли хизмат итлари питомнигида масъуллар хизмат итлари қандай тайёрланиши ҳақида сўзлаб берди. Шу куни ушбу ишга қизиқадиган талабалар ҳам кинология марказига келган экан.

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси, Жамоат хавфсизлиги хизмати, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Жонибек Самандаровнинг ҳикоя қилиб беришича, итни тарбиялаш жараёни метин ирода ва узоқ вақт талаб қилади.

Подполковник Жонибек Самандаров, Самарқанд вилоят ИИБ, Жамоат хавфсизлиги хизмати, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи

— Хизматга ҳар қандай ит олинавермайди. Ўнлаб кучукваччалар орасидан ходимларимиз унинг ўйноқилиги, чақирганда эътибор беришига қараб танлаб олади. Айтиш жоизки, бир итга фақат бир ходим бириктирилади. Шу ит қаригунча шу бир ходим билан ишлайди. Фақат ит қариб, ярамай кучдан қолганда, ходим бошқа кучукваччани олиб тарбиялай бошлайди.

Итлардан инсон қобилияти етмайдиган ўринларда фойдаланилади. Шунинг учун улар мудом парвариш қилиб борилади. Итларга Нидерландиядан келтирилган махсус емаклар берилади. Улар доим ветеринар назорати остида, — деди Ж.Самандаров.

Питомникда тўртта йўналишда хизмат итлари тайёрланар экан: наркотик моддалар қидирувчи, портловчи моддалар изловчи, из олувчи ва қўриқловчи итлар.

Шу куни ёмғир ёғаётганига қарамасдан ходимлар кўргазмали чиқиш қилиб беришди. Дастлаб хизмат итлари буйруқларни қандай бажариши кўрсатилди.

Немис овчаркаси зотли хизмат ити аввал овозли буйруқларни, кейин имо-ишора билан берилган буйруқларни адашмасдан бажарди. Белгия овчаркаси зотли хизмат ити эса акробатик трюклар, ходим билан бир сафда юришни кўрсатиб берди.

Сўнгра ўргатилган итлар аввал наркотик моддани, кейин эса портловчи моддани яширилган жойидан излаб топди.

 

Шуниси эътиборга моликки, наркотик моддани топган ит уни панжалари билан очишга ҳаракат қилган бўлса, портловчи моддани топган ит унга тегмайди. Шунчаки олдига туриб олади. Шунга ўргатилган.

Халқ орасида наркотик топадиган итларга наркотик моддалар берилиб, гиёҳванд қилиб қўйилади, деган гаплар юради. Кинология хизмати бошлиғи, майор Ўткир Бердиев бу масалага ҳам ойдинлик киритди.

Майор Ўткир Бердиев. Самарқанд вилоят ИИБ, ЖХХ, ЖТСБ Кинология хизмати бошлиғи

— Йўқ, хизмат итларига наркотик моддалар берилиб, улар гиёҳванд қилиб қўйилиши ҳақидаги гаплар ёлғон. Гашиш, марихуана, оғир наркотиклардан қорадори, героин кабилар, шунингдек, сўнгги пайтларда ёшлар орасида машҳур бўлиб бораётган психотроп таблеткалар намунаси бизга берилади. Биз уларни қўриқланадиган хонада сақлаймиз. У хонага фақат мен киришим мумкин. Ўша наркотик воситаларнинг ҳидини пахтага теккизиб, итларга топишни ўргатамиз. Итларнинг ҳид билиш қобилияти жуда юқори. Улар наркотикларни ҳам, портловчи моддаларни ҳам фақат исидан аниқлаб топади.

Таништирув давомида бизга ашёвий далилга қараб шартли жиноятчини топиш кўрсатиб берилди. Ерга ташланган дастрўмолдан ҳид олиб, ит унинг эгасини топди. Иккинчи машқда тизиб қўйилган пойабзаллардан биридан ҳид олиб, иккинчи пойини топиб берди.

Итни тайёрлаш, уни қўлга ўргатиш ўта машаққатли иш. Масалан, итга қаровчи ходим ишга кайфиятсиз келса, бу итга ҳам юқиб, буйруқларни бажармасдан аразлаб ҳам олар экан.

Қайд этиш жоиз, бундай питомниклар ҳар бир вилоятда бор. Қолаверса, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ички ишлар, миллий гвардия, божхона хизмати ва давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг ўз кинология хизматлари бор. Хусусан, шу кунларда Туркияда рўй берган зилзилада вайроналар остида қолганларни излаб топишда ҳам итларнинг роли жуда катта бўлмоқда.

Итлар ўртасида турли мусобақалар ўтказилиб турилади. Самарқанд ички ишлар бошқармаси кинология хизмати ходимлари ўз хизмат итлари билан кўплаб совринли ўринларни эгаллашган. Эътиборлиси, ўз итлари билан яхши натижа кўрсатган ходимларнинг маошига устама қўшиб тўланади.

Итлар билан кўргазмали чиқишлар боғчалар ва мактабларда ҳам ўтказилиб турилар, болаларда жуда катта қизиқиш уйғотар экан. Ветеринария техникуми талабалари сафидан шу соҳага қизиққан йигит-қизлар танлаб олиниб, хизматга тайёрланар экан.

Питомникда фақат насл олиш учун ҳам зотдор иккита ит сақланади. Ит насллари тозалигини сақлаш учун бошқа ҳудудлардаги питомниклар билан ҳам олди-берди қилиб турилар экан.

Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Жонибек Самандаровнинг айтишича, питомникда фуқароларнинг ўзига тегишли итларни ҳам тарбиялаб бериш йўлга қўйилади. Итларга уйни қўриқлаш, буйруқларни адашмасдан бажариш каби кўникмалар эгаси билан биргаликда ўргатилади.

Жамоат хавфсизлигини сақлаш, турли жиноятларни иссиқ изидан очишда итлардан фойдаланиш азалдан йўлга қўйилган фаолият. Самарқандда хизмат итларини парваришлаш, уларнинг соғлом бўлиши учун қилинаётган ишлар, бу учун яратилган шароитлар бизда ижобий таассурот қолдирди.

Шуҳрат Шокиржонов,
Жаҳонгир Алибоев.
Kun.uz

Мавзуга оид