Жаҳон | 19:57 / 09.02.2023
77325
5 дақиқада ўқилади

Туркиядаги зилзила нега бу қадар вайронкор бўлди?

Фото: Getty Images

Туркия ва Сурия чегараси яқинида рўй берган зилзила қурбонлари сони 19 мингдан ошди. Тонгда Ғозиантепнинг Сурия билан чегарага яқин қисмида рўй берган кучли ер силкиниши ортидан кун давомида ўнлаб афтершоклар кузатилди, куннинг иккинчи ярмида эса Туркиянинг бошқа бир вилояти - Қаҳрамонмараш ҳудудида иккинчи кучли зилзила рўй берди. Бу зилзилалар кучи ва унинг сабаблари бўйича фан нуқтайи назаридан нималар дейиш мумкин?

Зилзила нега бу қадар ҳалокатли эди?

Ғозиантеп ҳудудидаги зилзила кучи 7,8 баллга баҳоланди, бундай магнитудадаги ер силкинишлари ҳалокатли зилзила сифатида баҳоланади. Унинг эпимаркази у қадар чуқур жойлашмаганди - 18 км атрофида, бу эса юқорида жиддий вайронгарчиликларга сабаб бўлди.

«Сўнгги 10 йилда бундай магнитудали фақат иккита зилзила кузатилган, ундан олдинги ўн йилликда эса яна тўртта», дея изоҳлайди Лондондаги Университет коллежининг Табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича институти раҳбари, профессор Жоанна Фор Уокер.

Аммо зилзила кучи - кенг кўламли вайронгарчиликларнинг ягона сабаби эмас. Бу ҳолат тунда, одамлар ухлаётган вақтда рўй берган. Улар яшаган биноларнинг мустаҳкамлик даражаси ҳам муҳим омиллардан эди.

Портсмут университетининг вулқоншунослик ва хавфлар тўғрисида хабардор қилиш бўйича мутахассиси, доктор Кармен Солананинг сўзларига кўра, биринчи силкинишдан кейинги бир кун - одамларни қутқаришда ҳал қилувчи «олтин давр» бўлади.

«Афсуски, Туркия жанубида ва айниқса Сурияда инфратузилмалар мустаҳкамлиги бир хил даражада эмас, шунинг учун одамларни қутқариб қолиш масаласи тезкор ҳаракатланишга боғлиқ бўлади. Дастлабки 24 соат омон қолганларни қидириш учун ҳал қилувчи давр, 48 соат ўтиб эса омон қолганлар сони кескин камаяди», дея тушунтиради Солана.

Бу ҳудудда сўнгги 200 йилликда бу каби йирик зилзилалар рўй бермаган, шунинг учун тайёргарлик даражаси ҳам зилзилалар доимий кузатиладиган бошқа ҳудудлардагига нисбатан пастроқ.

Зилзилага нима сабаб бўлади?

Ер қобиғи бир-бирига зич босилган тектоник платолардан ташкил топган. Вақти-вақти билан бу платолар силжишга ҳаракат қилади, аммо уларга қўшни плато билан туташув натижасидаги ишқаланиш халал беради. Баъзида босим платолардан бири кутилмаганда жойидан силжимагунча кучайиб боради, бу эса ер юзасида ҳаракат келтириб чиқаради.

Бу ҳолатда Араб тектоник платоси шимолга ҳаракатланиб, Анадўли платоси билан тўқнашган.

Бу платоларнинг ўзаро ишқаланиши аввал ҳам вайронкор зилзилаларга сабаб бўлган. 1822 йил 13 августида бу ҳодиса 7,4 магнитудали зилзилани келтириб чиқарган - бу душанба кунги зилзиланикидан пастроқ кучга эга зилзила бўлган.

Шунга қарамай, XIX асрдаги зилзила бу минтақадаги шаҳарларга катта зарар келтирган: биргина Ҳалаб шаҳрида 7 минг ўлим қайд этилган. Вайронкор афтершоклар йил бўйи давом этган.

Бу сафарги зилзиладан кейин ҳам ўнлаб афтершоклар рўй берди, олимлар олдинги йирик зилзилалардан кейин бўлгани каби ҳолат такрорланишини кутишмоқда.

Зилзила қандай ўлчанади?

Улар магнитуда шкаласи ёки Рихтер шкаласида (шу шкалани таклиф этган америкалик сейсмолог Чарлз Рихтер номи билан аталган) ўлчанади.

Бу шкалага кўра, 2,5 магнитудагача бўлган зилзилалар хавфсиз бўлади - ер юзида бундай шкаладаги зилзилалар йилига бир неча юз минг мартагача содир бўлади, улар одатда оддий одамларга сезилмайди, уни фақат махсус қурилмалар орқали пайқаш мумкин.

Силкинишлар эпимарказда энг кучли бўлиб, ундан узоқлашган сари кучи пасая боради. 

2,5 баллдан 5 баллгача бўлган ер силкинишларини эса оддий одамлар сезади ва улар биноларда шикастланишлар ҳосил қилиши мумкин.

Туркияда рўй берган 7,8 магнитудали зилзила эса вайронкор тоифага киради ва бундай даражадаги силкинишлар ер юзасидаги биноларга катта зарар етказади.

8 баллдан юқори бўлган барча зилзилалар эса ҳалокатли зилзилалар ҳисобланади, бундай зилзила эпимарказ атрофидаги ҳудудни бутунлай яксон этишга қодир бўлади.

2011 йил мартида Япония соҳиллари яқинида содир бўлган 9 балли зилзила қуруқликда катта вайронгарчиликлар олиб келиб, улкан цунамилар сериясини келтириб чиқарган, улардан бири натижасида Япониянинг «Фукусима-1» атом электр станциясида авария юзага келган.

Шу билан бирга, Япониядаги бинолар мустаҳкам қурилгани туфайли бинолар қулаши кузатилмаган. Мамлакатда 1995 йилда Кобе шаҳрида рўй берган, 200 минг бинони қулатган зилзиладан сўнг қурилишларга алоҳида эътибор бериш, янги технологияларни ишлатиш бошланган. Хусусан, кўприклар остига резина блоклар ўрнатилган, домино эффектидан қочиш учун бинолар бир-биридан узоқ жойлаштирилган.

9,5 магнитудали энг кучли зилзила Чилида 1960 йилда қайд этилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид