Ўзбекистон | 16:57 / 10.02.2023
13040
6 дақиқада ўқилади
Реклама

“Навоийуран” Франциянинг “Orano Mining” компанияси билан ҳамкорлик қилмоқда

Ҳамкорлик доирасида корхонанинг барча ишлаб чиқариш жараёнларини техник аудитдан ўтказиш бўйича техник ҳамкорлик режаси ишлаб чиқилади.

Ҳозирги кунда “Навоийуран” давлат корхонаси мамлакатимиздаги барқарор ва жадал ривожланаётган субъект бўлиб, ўз маҳсулотини 100 фоиз экспортга йўналтираётган йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланади. Корхонанинг асосий ишлаб чиқариш маҳсулоти табиий уран бўлиб, “Зафаробод” кон бошқармаси, “Учқудуқ” ва “Нуробод” ишлаб чиқариш майдонларида жойлашган 6 та геотехнологик конларда қазиб олинади. Навоий шаҳридаги Уран ишлаб чиқариш заводида эса уран чала оксиди (табиий уран) кўринишига келтирилади.

Фото: Навоийуран
Фото: Навоийуран
Фото: Навоийуран

Сир эмас, республика уран саноати тармоғи тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. 2022 йил 14 июлдаги “2022-2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори корхонанинг истиқболдаги фаолиятини белгилаб берувчи муҳим тарихий ҳужжат бўлди. Мазкур қарорда Франциянинг “Orano Mining” компанияси экспертларини жалб қилган ҳолда, “Навоийуран” давлат корхонаси фаолиятини молиявий, техник, юридик ва ишлаб-чиқариш қувватларини комплекс ўрганиш ҳамда ривожланиш стратегияси, операцион самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш ва автоматлаштириш ҳисобига ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш вазифалари ҳам белгиланган.  

Фото: Навоийуран
Фото: Навоийуран
Фото: Навоийуран

Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 21-22 ноябрь кунлари Франция Республикасига расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (ҳозирги Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги), “Навоийуран” давлат корхонаси ҳамда Франциянинг “Orano Mining” компанияси ўртасида уран қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича уч томонлама стратегик ҳамкорлик келишуви имзоланди. 

Мазкур келишувга асосан баҳолаш ҳисоботини тақдим этиш ва техник ҳамкорликнинг йўл харитаси бўйича батафсил ҳаракатлар режасини тузиш учун геологлар, гидрогеологлар, тоғ-кон ва технологик муҳандислардан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ томонидан баҳолаш ҳисоботи ва конларни техник аудитдан ўтказиш бўйича тегишли техник ҳамкорлик йўл харитасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Шу муносабат билан “Orano Mining” компаниясининг кончи, геолог ва технологик жараёнлар бўйича мутахассис ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳи “Навоийуран” давлат корхонасига ташриф буюрди. 

Фото: Навоийуран
Фото: Навоийуран

Делегация таркибида “Orano Mining” компанияси Париж майдонининг геология-қидирув бўйича мутахассиси Жюльен Салаберт, тоғ-кон саноати бўйича катта эксперт Андреас Миттлер, кон ишлари, иқтисод ва конларни режалаштириш бўйича мутахассис Ермал Коплику, тоғ-кон жараёнлари бўйича эксперт Серхио Бустос, технологик жараёнлар бўйича мутахассис Бертран Оливер Мари Квиниу, Katco компаниясининг геофанлар бўйича ижрочи директори Ерлибек Болат ва геология бўлими бошлиғи Баглан Қуанишбаевлар бор.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад "Навоийуран" давлат корхонасининг ишлаб чиқариш қувватлари билан яқиндан танишиш ҳамда барча ишлаб чиқариш жараёнларини техник аудитдан ўтказиш бўйича техник ҳамкорлик йўл харитасини ишлаб чиқишдан иборат. 

Дастлаб компания вакиллари “Навоийуран” давлат корхонаси бош директори Жаҳонгир Ҳасанов ва бошқа масъул раҳбарлар билан учрашди. Учрашувда Стратегик ҳамкорлик бўйича келишув доирасида амалга ошириладиган ишлар ва ишчи гуруҳи олдида турган вазифалар муҳокама қилинди ҳамда корхонанинг умумий фаолияти бўйича маълумот берилди.

Ташриф режасига асосан делегация аъзолари корхона вакиллари ҳамроҳлигида “Навоийуран” ДКнинг таркибий бўлинмалари фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида жойларда бўлишди.

Фото: Навоийуран
Фото: Навоийуран

Хусусан, “Зафаробод” кон бошқармаси, “Учқудуқ” ва “Нуробод” ишлаб чиқариш майдонлари ҳамда уларга қарашли геотехнологик конлар, у ердаги локал сорбцион қурилмалар, ишлаб чиқариш чиқиндиларини қайта ишлаш ва рений участкаси, унумдор эритмаларни қайта ишлаш участкаси, Шимолий Конимех ва Мойбулоқ конлари, “Нурота” геология қидирув экспедицияси, Пластмасса қувурлари ва маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, Сульфат кислотаси ишлаб чиқариш цехи, Уран ишлаб чиқариш заводи каби ўндан ортиқ объектларда бўлиб, уларнинг фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиб чиқилди.

Франциялик экспертлар жойларда бўлинма раҳбарлари, муҳандислар, геолог ва геотехнологлар билан учрашиб, корхона мутахассислари томонидан уларга уран конларида олиб борилаётган геология-қидирув ва бурғилаш ишлари, ер остида ишқорлаб эритмага ўтказиш, уран концентратини ажратиб олишдан тортиб, уран оксидини ишлаб чиқаришгача бўлган барча геологик ва геотехнологик жараёнлар бўйича маълумот берилди. 

Ушбу ҳамкорлик келгусида уран хомашё базасини барқарор ривожлантириш, уни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтиришга хизмат қилади. 

Делегациянинг “Навоийуран” давлат корхонасига ташрифи 13 февралга қадар давом этади. 

"Навоийуран" ДК ахборот хизмати

 

 

Мавзуга оид