Жаҳон | 08:16 / 10.02.2023
13959
4 дақиқада ўқилади

Туркия ва Сурияда зилзила қурбонлари сони 20 мингдан ошди

Туркия ва Суриядаги зилзила қурбонлари сони 20 мингдан ошди, бу "Фукусима-1" атом электр станциясидаги авариядан кейин ҳалок бўлганлар сонидан ҳам кўпроқ, деб хабар бермоқда AP ахборот агентлиги.

Фото: Dunya.com

AFP агентлиги маълумотларига кўра, 6 февраль куни Туркия ва Сурияда эпицентри Газиантеп яқинида содир бўлган 7,8 магнитудали зилзила ва ундан кейинги зилзила қурбонлари сони 20 мингдан ошди. Бу 2011 йилда "Фукусима-1" атом электр станциясидаги авариядан кейин ҳалок бўлганлар сонидан кўпроқдир. Ўшанда, тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 18,4 минг киши ҳалок бўлган ва бедарак йўқолган.

Туркия томонининг расмий маълумотларига кўра, ушбу мамлакатда табиий офат оқибатида 17 134 киши ҳалок бўлган.

AFP маълумотларига кўра, Суриянинг исёнчилар назоратидаги шимоли-ғарбий ҳудудларида қурбонлар сони камида 3162 кишини ташкил этмоқда. Суриядаги ҳукумат манбалари 3000 киши ҳалок бўлганини айтмоқда.

Туркия расмийларига кўра, мамлакат жануби-ғарбидаги Аданадан мамлакат жануби-шарқидаги Диёрбакиргача ёйилган табиий офат зарбаси оқибатида 6500 та бино қулаган ва 13,5 миллионга яқин одам зарар кўрган. Сурияда, ҳатто Хамада ҳам - зилзила эпицентридан 250 км узоқликда қурбонлар бор.

"Иқтисодий йўқотишларни баҳолаш қийин", сабаби вазият ўзгаряпти, лекин улар 2 миллиард доллардан (1,8 миллиард евро) ошиб, 4 миллиард долларга (3,7 миллиард евро) етиши мумкин, деб ёзади Fitch Ratings.

Агентликнинг қўшимча қилишича, суғурта компаниялари учун йўқотишлар минтақада суғурта қопламасининг кам кириб бориши сабабли 1 миллиард доллар (930 миллион евро)га етиши мумкин.

Таҳлилчиларга кўра, кучли зилзила Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 14 май куни Туркия президенти этиб қайта сайланиш режаларини барбод қилиши хавфи бор. Натижалар унинг ҳаракатлари тезлигига боғлиқ бўлади.

"Фавқулодда вазиятга самарали жавоб бериш давлат раҳбари ва унинг Адолат ва тараққиёт партияси позициясини мустаҳкамлаб, миллий бирдамлик туйғусига ҳисса қўшиши мумкин", деди Teneo халқаро консалтинг компанияси эксперти Волфанго Пикколи. "Агар зилзилага жавоб чоралари муваффақиятли бўлмаса, Эрдўған май ойида бўлиб ўтадиган сайловларда мағлуб бўлиши мумкин", деб прогноз қилган Британия Foreign Policy Centre таҳлил марказидан Эмре Калискан.

АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотларига кўра, 6 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 04:17 да Сурия билан чегарага яқин муҳим саноат маркази Газиантеп шаҳри атрофида 7,8 магнитудали зилзила содир бўлган. Ер силкинишлари Ливан, Ироқ, Миср, Греция, Кипр ва Исроилда ҳам сезилган. Кейинчалик, 7,5 магнитудали иккинчи зилзила ва ўнлаб кучсизроқ зилзилалар содир бўлди, деб хабар қилди USGS. Ер силкинишлари пойтахт Анқара, Адана, Невшеҳир, Газиантеп, Кайсери, Мерсин, Ҳатай каби турли ҳудудларда сезилди.

Туркия огоҳлантиришнинг энг юқори даражаси – тўртинчи даражани эълон қилди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған табиий офат ва бир ҳафталик мотам туфайли мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Туркия расмийлари халқаро ёрдам сўради ва минтақага ўнлаб мамлакатлардан қутқарув гуруҳлари юборилди. БМТ зилзила қурбонларига ёрдам бериш учун 25 миллион доллар ажратилишини эълон қилди.

Айни пайтда, БМТ гуманитар ёрдамининг биринчи карвони Сурияга кирди, деб хабар берди Туркия билан чегарадаги Баб ал-Ҳава пункти матбуот котиби Мазен Аллуш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид