Жаҳон | 09:17 / 13.02.2023
24087
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳарбийлари яна бир номаълум учар объектни уриб туширди. Бу – тўртинчиси

Америкалик ҳарбийлар яна бир номаълум учар объектни уриб туширишди – бу сафар Канада билан чегарадаги Гурон кўли атрофида. Бу феврал ойи бошидан буён қайд этилган шу каби тўртинчи ҳолатдир.

Фото: AP

Мичиган штатидан Конгресс аъзоси бўлган (демократ) Элисса Слоткин объект якшанба куни АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари ва Миллий гвардия самолётлари томонидан уриб туширилганини маълум қилди. «Ушбу миссияда иштирок этган ҳар бир киши ўз ишини ажойиб даражада бажарди», дея ёзган у твиттерда.

Wall Street Journal нашри Канада ҳукумати вакилига таяниб ёзишича, объект ўзаро чегарадан тахминан 14 миля (22,5 км) масофада уриб туширилган.

Конгресс ёрдамчиларидан бирининг сўзларига кўра, объект саккизбурчак шаклида бўлган ва 20 000 фут (6 километрдан кўпроқ) баландликда ҳаракатланган, бу эса тижорий самолётлар парвозига хавф туғдирарди. 

Пентагон уриб туширилган объект ҳарбий нуқтайи назардан хавфли бўлган деб ҳисобламайди, аммо америкалик ҳарбийлар у разведка мақсадларида фойдаланилган бўлиши мумкинлигини ўйлашмоқда.

Ўз навбатида, Мичиган штатидан Вакиллар палатасининг яна бир аъзоси, республикачи Жек Бергман твиттерида америкаликлар сўнгги пайтларда содир бўлган қатор воқеалар билан боғлиқ саволларга жавоб кутаётганини ёзди.

Шимолий Америка устида уриб туширилган объектлар

  • 4 феврал: Америкалик ҳарбийлар Жанубий Каролина соҳиллари яқинида разведка ишлари олиб бораётгани тахмин қилинган ҳаво шарини уриб туширди. АҚШдаги мулозимларнинг сўзларига кўра, бу жисм бир неча кун давомида Америка ҳудудида бўлган, Хитойдан келган ва стратегик объектларни кузатган.
  • 10 феврал: АҚШ яна бир объектни уриб туширди – Алясканинг шимолий қисмида. Расмийларнинг хабар беришича, унда қандайдир двигател ёки бошқарув тизими бўлмаган.
  • 11 феврал: Қирувчи самолёт Америка чегарасидан тахминан 160 км масофада, Юкон устида, Канада ҳаво кенглигида «анча юқорида ҳаракатланган» объектга зарба берди. Уни дастлабки ҳаво шаридан анча кичик ҳажмдаги цилиндрсимон объект деб тасвирланган.
  • 12 феврал: Америка қирувчи самолёти Гурон кўли атрофида тўртинчи нишонни уриб туширди.

Ҳозирга қадар Гурон кўли устида уриб туширилган объект дам олиш кунларидаги бошқа ҳодисалар билан алоқадорлигини маълум эмас, аммо Федерал авиация бошқармаси Мудофаа вазирлиги амалиётларини қўллаб-қувватлаш учун аввалига Монтана штати ҳудудида, кейин эса Мичиган кўли устида ҳаво кенглигини фуқаролик парвозлари учун вақтинча ёпди.

Кейинроқ ҳаво кенгликлари яна очилган.

Жума куни президент Жо Байден Аляска устида «кичик автомобил ҳажмидаги» номаълум учар жисмни уриб туширишга буйруқ берганди. Ҳозиргача унинг мансублиги ва функциялари ҳақида маълумот берилмади.

Шанба куни эса америкаликлар қирувчиси Канаданинг шимоли-ғарбидаги Юкон провинцияси устидаги ҳаво кенглигида номаълум учиш аппаратини уриб туширди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Жастин Трюдо маълум қилди. Канада мудофаа вазири Анита Ананд шанба кунги брифингда бу объект тахминан 12 км баландликда ҳаракатлангани ва фуқаролик парвозлари хавфсизлиги учун таҳдид солганини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, у кичик ва цилиндрсимон шаклда бўлган.

Вашингтон америкалик ҳарбийлар 4 феврал куни хитойликларнинг жосус ҳаво шари экани тахмин қилинган объектни уриб туширганидан сўнг юқори даражадаги шайлик ҳолатини эълон қилган. Хитойнинг ўзи бу йўналишидан оғиб кетган метеорологик зонд бўлганини билдирган.

Якшанба куни АҚШ Сенатидаги демократик кўпчилик етакчиси Чак Шумер ABC телекомпанияси эфирида жума ва шанба куни уриб туширилган объектлар ҳам разведкачи ҳаво шарлари бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу жисмлар АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Жанубий Каролина соҳиллари яқинида уриб туширган биринчи объектдан «анча кичикроқ» бўлган.

«Энг асосийси, бир неча ой олдин ҳам бу ҳаво шарлари ҳақида ҳеч нарса маълум эмасди. Эҳтимол, биз барча разведкачи ҳаво шарлари [парчалари]ни бир жойга тўплаб, кейин нима бўлаётганини аниқ биламиз», деган Шумер.

Мавзуга оид