Мичиган штатидан Конгресс аъзоси бўлган (демократ) Элисса Слоткин объект якшанба куни АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари ва Миллий гвардия самолётлари томонидан уриб туширилганини маълум қилди. «Ушбу миссияда иштирок этган ҳар бир киши ўз ишини ажойиб даражада бажарди», дея ёзган у твиттерда.

Wall Street Journal нашри Канада ҳукумати вакилига таяниб ёзишича, объект ўзаро чегарадан тахминан 14 миля (22,5 км) масофада уриб туширилган.

Конгресс ёрдамчиларидан бирининг сўзларига кўра, объект саккизбурчак шаклида бўлган ва 20 000 фут (6 километрдан кўпроқ) баландликда ҳаракатланган, бу эса тижорий самолётлар парвозига хавф туғдирарди. 

Пентагон уриб туширилган объект ҳарбий нуқтайи назардан хавфли бўлган деб ҳисобламайди, аммо америкалик ҳарбийлар у разведка мақсадларида фойдаланилган бўлиши мумкинлигини ўйлашмоқда.

Ўз навбатида, Мичиган штатидан Вакиллар палатасининг яна бир аъзоси, республикачи Жек Бергман твиттерида америкаликлар сўнгги пайтларда содир бўлган қатор воқеалар билан боғлиқ саволларга жавоб кутаётганини ёзди.

Шимолий Америка устида уриб туширилган объектлар

  • 4 феврал: Америкалик ҳарбийлар Жанубий Каролина соҳиллари яқинида разведка ишлари олиб бораётгани тахмин қилинган ҳаво шарини уриб туширди. АҚШдаги мулозимларнинг сўзларига кўра, бу жисм бир неча кун давомида Америка ҳудудида бўлган, Хитойдан келган ва стратегик объектларни кузатган.
  • 10 феврал: АҚШ яна бир объектни уриб туширди – Алясканинг шимолий қисмида. Расмийларнинг хабар беришича, унда қандайдир двигател ёки бошқарув тизими бўлмаган.
  • 11 феврал: Қирувчи самолёт Америка чегарасидан тахминан 160 км масофада, Юкон устида, Канада ҳаво кенглигида «анча юқорида ҳаракатланган» объектга зарба берди. Уни дастлабки ҳаво шаридан анча кичик ҳажмдаги цилиндрсимон объект деб тасвирланган.
  • 12 феврал: Америка қирувчи самолёти Гурон кўли атрофида тўртинчи нишонни уриб туширди.

Ҳозирга қадар Гурон кўли устида уриб туширилган объект дам олиш кунларидаги бошқа ҳодисалар билан алоқадорлигини маълум эмас, аммо Федерал авиация бошқармаси Мудофаа вазирлиги амалиётларини қўллаб-қувватлаш учун аввалига Монтана штати ҳудудида, кейин эса Мичиган кўли устида ҳаво кенглигини фуқаролик парвозлари учун вақтинча ёпди.

Кейинроқ ҳаво кенгликлари яна очилган.

Жума куни президент Жо Байден Аляска устида «кичик автомобил ҳажмидаги» номаълум учар жисмни уриб туширишга буйруқ берганди. Ҳозиргача унинг мансублиги ва функциялари ҳақида маълумот берилмади.