Жамият | 11:20 / 16.02.2023
23729
7 дақиқада ўқилади

“Қўрқма” — 70 қаҳрамон мисолида бугунги авлодга ҳам ойна тутган асар

70 қадам, 70 та из, 70 муштарак тилак, 70 армон. Улар ҳақида кўпчилик билмайди. Баъзилар бундай фидойилар яшаб ўтганини тахмин ҳам қилиб кўрмайди. Тарих китобларидагина икки қатор жой ажратилиб, уларнинг 70 нафарлиги ва улар Германиядан қайтгач жосус дея гумонланиб, йўқ қилингани ҳақида қуруққина ёзиб қўйилган. Аммо улар буткул унутилгани йўқ. Олтин зангламагани сингари 70 қоракўзнинг қаҳрамонликлари ҳам осонликча унутилмайди.

Фото: Kun.uz

Улар ҳақида батафсил ўрганадиган ва халққа ҳам ўргатадиганлар, уларнинг ғояларини тарғиб қиладиганлар, асл мақсади нима бўлганлигини оммага очиқлашга уринадиганлар ҳозир ҳам топилади. Сўзимиз исботи сифатида “Қўрқма” асарини кўрсатишимиз мумкин.

Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” романи ўтган асрнинг йигирманчи йилларида Германияда таҳсил олган ва собиқ совет иттифоқи томонидан шафқатсизларча қатл этилган миллат йигит-қизларининг хотирасига бағишланади. Асарнинг ўзига хослиги шундаки, аввало ёзилиш услуби эътиборни тортади. Китобхон романни ўқиркан, бир вақтнинг ўзида икки давр кечмишлари, воқеалари, қаҳрамонлари билан тўқнашади. У даврдан бу даврга сакраб юради. Аммо бу сакраш ўқувчига ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмайди. Аксинча оралиғида 100 йиллик фарқ бўлган икки замонни таққослаш, фарқлаш имкониятига эга бўлади. Хўш, ўқувчи бу таққослов орқали нималарни билиб олади?

Йигирманчи асрнинг йигирманчи йилларида ўзбек миллати советларга қарам бўлган. Ўз юртида мавжуд олий таълим даргоҳларида ўқий олмаган. Ўқий олганлари эса буткул советча принциплар асосида тарбияланади. “Қизилбоғич”ларга айланишади. Қизиллашади. Ўқишга иштиёқ билан эмас, қўрқув, қуллик, ҳадик ҳислари билан йўл олади. Аммо шундай таҳликали даврда ҳам 70 нафар мард, 70 оташ, 70 миллатпарвар топилган халқда Чўлпон, Фитрат каби фидойи устозлар мавжуд бўлган. Ўқиш учун, бўлажак авлоднинг юксалиши учун, миллатга “тоза ҳаво” учун тиланчилик қиладиганлар, ризқининг бир учидан узиб бера оладиганлар чиққан. 

70 умидвор берлинликлардан-да кўпроқ меҳнат қилган. Улар фақат шонли тарихимиз, даҳо аждодларимизла фахрланиб юриш билан чекланишни исташмаган. Улар энди даҳо авлодларга пойдевор бўлишни кўзлашган. Ҳақ сўзни айта олишган, таҳдид-у ёлғонларга хато кетса-да, бир ўқ уза олишган. Ўз юртида ажални кўриб туришса ҳам, олға боришни эплашган. 

Жавлон Жовлиев

Хўш ҳозир-чи? Ҳозир ҳам топиладими шундайлар? 70 нафар бўлмасин майли. 7 нафар бўлса-да, чиқадими мана, менман, деб? Асар қаҳрамони ҳам худди шу саволларга жавоб излайди. 

Бундан 100 йил илгари советларга қарам бўлган халқ ҳозирда ўз нафсига кучи етмай, чувалашиб ётганини кўрган қаҳрамон бўзлайди. Илгари қуллик тўшагида қўрқув ва хоинлик ишқидан туғилган авлод бўлган бўлса, ҳозир нафснинг наҳс кўрпасида худбинлик ва шайтоний келажак юзага келяпти. Ҳозир Чўлпон ва Фитратлар эмас, “Улуғ курсдош”лар талабалар қошида “парвона”. Ҳозир Хайринисо Мажидхоновалар ўрнини қайсидир мансабдор билан ўтказган кечаларидан бирида бўлиб қолган боласини қандай йўқотишни ўйлаб юрган, жой тополмай, ҳожатхона-ю, ахлат идишларда қолдириб кетаётган талаба қизлар эгаллаган.

Ҳозирги талабаларга трактор қисмларини ўзбекчалаштириб луғат тузиб чиқиш, ёки кечаси билан китоб титиш, домлаларнинг кетидан чопиб билим олиш керак эмас. Биттаси эрга тегишда ўқиган деган ёрлиқ олиш учун, яна биттаси қачонлардир ота-онасининг ушалмай қолган орзусини амалга ошириш учун, кимдир яқинларининг чакагини ўчириш учун, яна кимлардир яхши яшаш учун ўқийди. Мук тушиб телефонга термилган, кечаси бўлган ишрат сабаб уйқусизликдан қизарган кўзларнинг нури 4 йил давомида 100 бетгина китоб ўқишга сарфланмагани ачинарли. 

Ҳозир беғубор ҳислар ўрнини ёввойи ҳирслар эгаллаган. Мажнунтол тагида, анҳор бўйида бир-бирига ширин термилиб турган, муҳаббатга лиммо-лим кўзлармас, пана жойдан фойдаланиб, тезроқ ҳирсини қондириб жўнаб қолиш илинжида бўлган қалбаки ошиқлар кўринади. Қаҳрамонимиз ҳар икки даврни солиштираркан, 70 талаба даврида советлар сабаб чин маънодаги қуллар ҳозирга келиб оригинал қуллашганини пайқайди.

Мустамлакачиларнинг зулмидан қўрқиб, табиий ҳолатда қуллашган қўрқоқлар, ҳозирги онгли тарзда нафсига қул бўлганлардан кўра яхшироқлигини англайди. 70 талаба пайтида миллатнинг чириётган ёки чириб улгурган жиҳатлари бисёр бўлгани, аммо ҳозиргидек бутунлай чириб кетмаганини ҳис қилади.

Ёзувчи асарда аёлларнинг билимли бўлиши долзарблиги масаласининг бир учини кўтариб ўтади. Миллатга иштонбоғичини маҳкам қисоладиган, ўқишига жоҳил отасидан рухсат ололадиган, ватанпарвар, билимли, кучли фарзандларни тарбиялаб берадиган мустақил, қатъиятли аёллар зарур. Аёл илмли бўлса, фарзандлар зиёли бўлиши кафолатланади. Қўрқоқ онадан қўрқоқ бола, ақлли онадан доно фарзанд етишиб чиқади. Кетмон чопишдан бошқасига журъат топмаган, туғишдан ортмаган, қайнонасининг зулмларига жимгина чидаган мазлум аёлнинг фарзандлари пахта жўякларидан нарини кўролмай ўтиб кетади. Бу азалий қонуният. Инкор этиб бўлмайди.

Асардаги кўплаб ғоялар, жумлалар, миллат дея таъкидланишлар китобхонларга баландпарвоз сўзлардек туюлиши мумкин. Нега шундай? Чунки ҳозирга келиб ватаним учун, юртим учун деб берилган ваъдалар ваъдалигича қолиб кетяпти. Амалда юзага чиқмаяпти. Ишимиз саҳна-ю минбарларда кўтаринки нутқлар билан халқни, миллатни тўлқинлантириш билан чекланиб қоляпти. Адиб айтганидек, бундай баландпарвоз гапларнинг қанчалар ҳақиқатлигини кимнинг тилидан чиқаётганига қараб аниқлаш мумкин.

Китоб сўнгида миллатнинг бутун бир фожиаси очиқланади. Бу “болтанинг дастаси ёғочдан ясалиши” эди, миллат учун, халқ учун ёниб-куйганларни мана шу миллатнинг ўзи дор тагига, ўқ рўпарасига олиб борганлиги эди. Қодирийни сотган халқ энди 70 талабани ҳам сотди. Сотаверди, сотаверди. Охири сотувчига айланди. Ҳозирга келиб ҳамма нарса сотиляпти. Ҳеч нарса қолмаяпти. 

Жамият чириган, таназзулга юз тутган. Унинг томирлари билан юлиб эшакқуртлардан тозалаш, қайтадан қуриш зарур. Бунинг учун катта жасорат, бирлик, қўрқмаслик керак. Ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқмай олға босиш, таълим тизимини “Улуғ курсдош”лардан, “тепа”ни “Ширинбекнинг оталаридан”, талабалар сафини қизтака-ю, телефончилардан, бутун миллатни “қизил бобо”лардан тозалаш зарур. Зеро, ушбу китоб шу буюк ишларга ўзида журъат топувчиларга, 70 талабанинг чала қолган ишини давом эттираман дегувчиларга илк туртки бўлсин.

Гуласал Қодирова, китобхон

Мавзуга оид