Бахмутдаги вайронгарчиликлар ва Харкив осмонидаги ракеталар. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 358-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Володимир Зеленский РФ армиясининг Украинадаги баҳорда бошланиши кутилган катта юриши аллақачон бошланиб кетганини айтди. «Россия ҳужумлари аллақачон бир неча йўналишда амалга оширилмоқда», — деди Украина президенти.
- Россия қўшини Украинага ракета ва дронлар билан ҳужум уюштирди. Бу ҳужумлардан кейин Молдовада ракета қолдиқлари топилди — бу уруш бошидан буён тўртинчи шундай ҳолат.
- Россия ва Украина асирлар алмашинуви амалга оширди: Россияга 101 нафар ҳарбий хизматчи, Украинага — 100 нафар ҳарбий ва тинч аҳоли вакилларидан бир киши қайтди.
- Словакия парламенти Россияни «терроризмни қўлловчи давлат» деб тан олди. Бундай қарорлар аввалроқ Европарламентда ва ЕИнинг кўплаб мамлакатларида ҳам қабул қилинганди.
- Украинада бешинчи кундирки электр энергияси ёппасига узилмаяпти. Расмийларнинг айтишича, энергия тизимида қувват захиралари пайдо бўлган.
- Россиялик ҳарбийлар Украинада авиациядан ёппасига фойдаланишга қарор қилган, бу ҳақда «Важные истории» РФ мудофаа вазирлигига яқин манбасига таяниб хабар берди. Буюк Британия ҳарбий разведкаси баҳоларига кўра, Россия Украинада уруш бошидан буён 130 та ҳарбий самолётини йўқотган, лекин ҳамон 1500 га яқин самолётга эга.
- Евроиттифоқ давлатлари элчилари ҳозирча Россияга қарши санкцияларнинг янги пакети бўйича келиша олмади. Politico манбаларига кўра, каучук экспортини тақиқлаш борасида келишмовчилик бор.
Кун кадри. Бахмутдаги вайронгарчиликлар
Россия қўшини Донецк областининг Бахмут шаҳрини 2022 йил ёзи ўрталаридан буён қамал қилмоқда. Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов Россия босқинчи қўшинлари кенг кўламли босқин бошланганига бир йил тўладиган 24 февралга қадар шаҳарни эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Аммо Америкадаги Урушларни ўрганиш институти таҳлилчиларига кўра, бу мақсад амалга ошиши даргумон, чунки уларнинг кузатувларига кўра, РФ қўшини юриш суръатларини оширмаяпти — Украина қўмондонлиги ҳам буни тасдиқлаган, аниқлик киритишича, душманнинг штурм ҳаракатлари борган сари камаймоқда.
Россия мудофаа вазирлиги ҳам ҳар кунги брифингида Бахмутдаги ютуқларни тилга олмаган, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин эса унинг Бахмут йўналишида ҳаракатланаётган ёлланма кучларига жангчилар етишмаётгани ва Россиядаги «даҳшатли ҳарбий бюрократия» туфайли ХҲК сафларини тўлдиришда муаммо юзага келганини айтмоқда.
Бахмут атрофида жанглар давом этаркан, шаҳарда олти мингга яқин тинч аҳоли вакили қолишда давом этмоқда (урушга қадар шаҳарда 71 минг киши яшаган). Украина вице-премьери Ирина Верешчук аҳолини зудлик билан эвакуация қилишга чақирди ва Бахмутда сўнгги бир куннинг ўзида беш киши ҳалок бўлиб, яна тўққиз киши яраланганини қўшимча қилди.
Бахмут шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Олексий Рева Бахмутдаги жанглар ва зарбалар вақтида вайрон бўлган биноларнинг фақат 20 фоизини таъмирлаш мумкинлиги — қолганларини бузиб ташлаб, қайтадан қуриш талаб этилишини маълум қилди. Қуйида шаҳарнинг юқоридан кўриниши акс этган сурат.
Бахмут учун жанг
Херсон областидаги жанглар ва отишмалар оқибатлари
2022 йил октябр ва ноябр ойларидаги қарши ҳужум чоғида Украина қуролли кучлари Херсон областининг бир қисмини озод этганди, Россия қўшини бу ҳудудларни кенг кўламли босқиннинг илк давридаёқ эгаллаб олган, 2022 йил сентябр ойида эса сохта «референдум» натижасида бу ҳудуд аннексия қилинганди. Россия 2022 йил кузигача област ҳудудининг 95 фоизини назорат қилаётганди, энди эса — 80 фоиздан ортиқроқ қисмини сақлаб қолган. Днипро дарёсининг ўнг соҳилидаги ҳудудлар Украина назоратига қайтарилгач, РФ армияси Херсон ва дарёнинг нариги томонида жойлашган бошқа аҳоли яшаш манзилларини мунтазам равишда ўққа тутиб келмоқда.
Харкив устида ракеталар