03:06 / 18.02.2023
15289

Ўзбекистон сўнгги 15 йилда энг кўп молиявий ёрдам олган – ЕБТЖ

Энг кўп молиявий ёрдам олган Евросиё мамлакатлари саналди.

Фото: KUN.UZ

Евросиё барқарорлаштириш ва тараққиёт жамғармаси (ЕБТЖ) «Евросиё минтақаси» мамлакатларига халқаро ташкилотлар ва ривожланиш агентликлари томонидан берилган молиявий ёрдам миқдорини таҳлил қилди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» ёзди.

Маълумотлар базаси барқарорлаштириш ёки инвестиция кредитлари, грантлар ва техник кўмак бўйича операциялар кўринишидаги суверен молиялаштириш операцияларини ҳисобга олади. Уларнинг миқдори 90 млрд долларга етган.

Қайд қилинишича, Ўзбекистон сўнгги 15 йил ичида энг кўп қўллаб-қувватланган – 20,9 млрд доллар.

ЕБТЖ маълумотлар базасида 16 та «донор» бор: ўнта халқаро молия ташкилоти (жумладан, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки (ЖБ), Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Европа Тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқалар. Шунингдек, олтита суверен ривожланиш агентлиги (USAID, GIZ, TIKA, JICA, AFD ва SDC)

2008 йилдан буён умумий қиймати қарийб 90 млрд долларга тенг бўлган 3900 та суверен молиялаштириш операциялари аниқланган бўлиб, улардан 54,2 млрд доллари инвестиция кредитлари, 31,2 млрд доллари барқарорлаштириш кредитлари ва 4,4 млрд доллари грантлардир.

Маблағларнинг катта қисми инқирозли 2009, 2015 ва 2020 йилларда ажратилган.

Тасдиқланган маблағлар бўйича Жаҳон банки, ОТБ, ХВФ ва ЕБТЖ етакчи ҳисобланади – улар тасдиқланган қўллаб-қувватлаш ҳажмининг деярли 80 фоизини ташкил қилади.

Умумий ҳисобда Ўзбекистон энг кўп қўллаб-қувватланган (20,9 млрд доллар, шундан 15,4 млрд доллар инвестиция кредитлари, шунингдек, мамлакатда энг кўп транзакциялар амалга оширилган – 541 та). Кейинги ўринларда Қозоғистон (14,2 млрд доллар), Грузия (11,3 млрд доллар), Беларус (10,9 млрд доллар), Озарбойжон ($6,2 млрд), Мўғулистон ($5,2 млрд), Арманистон ($5,2 млрд), Қирғизистон ($5 млрд), Тожикистон ($4,7 млрд), Россия ($3,9 млрд) ва Туркманистон ($1,9 млрд).

Top