Ўзбекистон | 14:50 / 23.02.2023
30222
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади

25 феврал куни республиканинг кўплаб вилоятларида ёмғир ва қор ёғиши прогноз қилинмоқда. Ҳаво ҳарорати кечалари –5 даражагача, республика шимолида –10 даражагача тушиши мумкин.

Фото: Kun.uz

24 феврал куни Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига, 25-26 феврал кунлари республиканинг барча ҳудудларига Россиянинг Европа қисмидан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев хабар берди.

24 февралда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, 25 февралда республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қор), тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда кучли бўлади.

24–25 феврал кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол 15-20 метр/сониягача кучайиши мумкин.

25–26 февралда ҳарорат кечалари 0...–5 даражагача, республика шимолида –5...–10 даражагача, кундуз кунлари 0...+5 даражагача қисқа муддатга пасайиши кутилмоқда.

«Ўзгидромет» эса 25 феврал куни республиканинг кўплаб вилоятларида ёмғир ва қор ёғишини прогноз қилмоқда.

«Ўзгидромет» ва унинг COSMO_CA миллий оператив прогностик модели 25 феврал куни 12 соатликда ёғиши кутилаётган ёғингарчилик харита маълумотлари.

Унга кўра, 25 феврал куни мамлакат шимолида ёғингарчилик кутилмайди. Сурхондарё вилоятида ёмғир, қолган вилоятларда аввалига ёмғир, кейинроқ қорга айланиб кетиш билан боғлиқ ёғин ҳодисалари кутилади. Тоғларда кучли ёғингарчилик бўлиши мумкин.

26–27 февраль кунлари эса республика бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид