Ўзбекистон | 21:01 / 25.02.2023
11129
8 дақиқада ўқилади

“Ахборот сиёсатимиз миллий манфаатларимизга жавоб бермайди” — фаоллар

“Ўзбекистонда жамоатчилик матбуоти йўқ”. “Украинадаги уруш даврида депутатлар Ўзбекистоннинг ички ва ташқи ахборот сиёсати қандай бўлиши кераклигини кун тартибига қўйиши керак эди”. Жамоатчилик фаоллари Ўзбекистондаги ахборот сиёсати ҳақида сўз юритди.

Журналист Карим Баҳриев, ёзувчи Улуғбек Ҳамдам ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz’га берган интервюсида Россия-Украина уруши фонида ўзбек матбуоти мустақиллиги ва унда миллий манфаатлар ҳимоя қилинишининг даражасига ҳам баҳо берди.

— Давом этаётган уруш фонида Ўзбекистоннинг ахборот сиёсати мустақиллиги, суверенитетига қандай баҳо берасизлар?

Шунингдек, сизларга навбатни беришдан олдин ҳамма биладиган, сезадиган ва катта таҳлиллар талаб қилмайдиган бир ҳолатни ҳам айтишим керак. Бугун ўзбек жамиятида Россия босқинини оқлайдиган, уни қўллаб-қувватлайдиган қатлам афсуски, кам эмас. Бу энди Ўзбекистоннинг кўп йиллар рус пропагандаси таъсирида бўлгани ва Ўзбекистоннинг ўз ахбороти яратилмагани оқибати. Сизнингча, давлат одамларни шунга ўхшаш хавфли пропаганда таъсиридан ҳимоялаш, одамларда ахборотни тўғри синтез қилиш қобилиятини шакллантириш учун нималар қилиши керак?

Карим Баҳриев:

— Бу – чуқур ўйлантирадиган нарса. Сиз билан менинг суҳбатимиз ҳам шу ахборот сиёсатига киради. Масалан, МТРК биз истаган нарсани гапирмагани билан, юқоридаги кимдир истаган гапларни айтяпти.

Тезкор эмаслиги, юқоридан буйруқ кутиши бир муаммо. Масалан, хорижий ахборот воситаси текширувли материал эълон қилса, жавоби йўқлиги каби камчиликлари бор.

Украина масаласини бошқалар ёритяпти, лекин Ўзбекистон ТВси ва радиоси ҳеч нарса гапирмади. Бирор ҳафтадан кейин нейтраллик ҳақида гап чиқди, холос. Исталган ҳар қандай «тренд»даги мавзу чиқса, улар тепа нима деркан деб кутиб қолади. Нима дейиши ёзиб берилмагунча жим ўтиради.

Бундан ташқари, Kun.uz каби ахборот сайтлари бор, диний контент қилувчи сайтлар бор, четда бўлса ҳам мухолиф фикр билдирадиган ахборот берувчилар бор – булар ҳаммаси ахборот сиёсати ичига киради.

Давлат матбуоти давлат манфаатини ҳимоя қилади, хусусий матбуот эса эгасининг манфаатини ҳимоя қилади. Бизда жамият матбуоти йўқ. Масалан, BBC – Англияда жамоатчилик радиоси. АҚШда жамоатчилик телевидениеси бор. Солиқ берувчилар пулидан таъминланади. Улар ҳукуматни ҳам танқид қилади, чунки халқ пулига ишлаяпти. Биздагилар бюджетдан маблағ олади, аслида бу пул ҳам бизнинг солиқларимиздан. Лекин жамиятнинг матбуотга таъсир қилиш механизми йўқ. Халқ ўртасидаги обрўли шахс жамоатчилик кенгашини бошқарса ва матбуотга ҳам таъсир ўтказса, шунда матбуотга жамиятнинг таъсири бўлади.

Матбуот нуқтайи назаридан ҳам давлат матбуоти ва хусусий матбуот бор. Жамоатчиликники йўқ. Давлатдаги ахборот сиёсатини юритадиганлар давлат манфаатини англаши керак. Уларда, бизда ва умумий жамиятда якдил фикр бўлса, ахборот сиёсатимиз тўғри юритилади ва кимгадир таъсир қилоламиз. Яхлит тизим ҳам, сиёсат ҳам йўқ бу борада.

МТРКга 500-600 млрд сўм маблағ кетяпти йилига. Соҳага шунча пул кетяпти. Улар ахборот сиёсатини белгилаши керак. Ясама кўтаринкилик, ясама тадбирбозликларга кетиб ётибди пуллар. Лекин халқнинг сиёсий онгини шакллантиришга қаратилмаяпти.

Улуғбек Ҳамдам:

— Мустақилликка қон тўкмай эришдик, деймиз. Аслида, қон тўкилди – ташқаригамас, ичкарига оқди қон. «Мувозанат» романим қаҳрамони Юсуф ҳам мустақилликка эришиш асносида ишидан, орзу-мақсадларидан айрилди, ўғли ўлди, акаси жинни бўлиб чиқиб кетди – буларнинг ҳаммаси бадал эмасми? Бу тўловни ўзбек халқи ҳозиргача тўлаяпти. Мигрантлар – мустақилликка берилган жуда катта тўлов. Болалар отасиз, аёллар эрсиз. Қандай воқеаларни кўрдик... Танга ўқ тегиб, ташқарига қон оқмади, холос, лекин ўзбек халқининг бағри-дили қонга тўлди. Яъни мустақиллик бизга осонгина осмондан тушгани йўқ. Украина ўша мустақиллигини қон тўкиб ҳимоя қиляпти. Мана шу нарсалардан сабоқ чиқариш керак.

Ақлли одам бошдан ўтказиб сабоқ чиқарса, донишманд одам бошқаларни кўриб ҳам сабоқ чиқаради. Халқимизни донишманд деймиз – шу нарсаларни кўриши ва сабоқ чиқариши керак.

Бўйнимизга яна бўйинтуруқлар илинмаслиги, рус пропагандасидан қутулиш учун жуда катта кўламда иш олиб бориш керак. Ҳар бир соҳада иш олиб бориш ва асос миллатнинг миллий манфаатлари бўлиши лозим. Ва ўша миллий манфаатлар бошқа бир миллатнинг манфаатларига зид бўлмаслиги, умуминсоний мезонлар ҳисобга олиниши керак. Бунинг учун телевидениеда воқеликни борича, холис шарҳлайдиган йўналишлар очилиши лозим.

Бир томонлама маълумот бериш одамларни манқуртга айлантиради. Биз холис ахборотга етиб боришимиз керак, ҳозир йўқ бу нарса. Бас, йўқ экан, бўшлиқни ҳар хил миш-мишлар, Россия қудрати ҳақидаги гаплар тўлдиради. Ва секин уларга таъзим қила бошлайди одамлар.

Ўтиш даврида яшашни душманимга ҳам раво кўрмайман, дейди японлар. Бизнинг авлод ўтишга тўғри келди. Ҳалиям давом этяпти. Бир умр ўтиш бўлмайди-ку. Инсон умри чегараланган, қачондир орзусига етиб яшамоғи керак ахир. Қачонгача қорин-қурсоқ ғамида яшаб ўтади? Биз фақат жисмимизни ўйлаяпмиз. Миллат қачонки жисми билан боғлиқ масалаларни ҳал қилса, ўшанда катта ишлар қилади.

Камолиддин Раббимов:

— Юқорида миллий манфаатлар ҳақида гап кетди. Ўзбекистон постсовет ҳудудидаги йирик давлат, яъни Украинадан кўпчилик чиқиб кетгач, постсовет ҳудудидаги иккинчи йирик давлат бизмиз. Уруш бошланганига бир йил бўляпти. Ўзбекистон мўътадил рационал давлат бўлганда, уруш бошланган куннинг ўзида Олий Мажлисда тўполон бошланиши керак эди. Яъни бизнинг урушдаги позициямиз қандай бўлади, миллий манфаатларимиз нимада, Ўзбекистоннинг ички ва ташқи ахборот сиёсати қандай бўлиши керак, деган масалаларни депутатлар кун тартибига қўйиши керак эди. Бир йил бўлди, аммо бу масала кун тартибига қўйилгани йўқ.

Ижро ҳокимиятининг эҳтиёткорлигини тушунса бўлади. Жамиятдаги аксарият қисмимиз (либераллар, демократлар, мутафаккирлар, ҳокимият) Россиядан қўрқамиз. Лекин қўрқишнинг ҳосиласида икки қарама-қаршилик бор: бир томон жонланайлик, лаёқатли ахборот майдон яратайлик деса, иккинчи томон жим туриш керак деяпти.

Парламент миллатнинг уйи сифатида кўрилади. Президент – ижро ҳокимиятининг якка шахс сифатидаги тимсоли. Лекин парламент бутун жамиятдаги манфаатларни ифодаловчи жой бўлиши керак. Биринчидан, 150 депутат жуда кам, аслида. Иккинчидан, Қонунчилик палатаси, жумладан, Сенат миллатнинг тақдирига дахлдор бўлган стратегик масалалар кўтарилган пайтда мутлақо ўша мавзуга тегинилмаслиги – ачинарли аҳвол. Қачондир тарихга уруш бошланганда Ўзбекистон парламенти жим турган, деб ёзилади.

Миллий манфаат нимада экани миллий баҳс-мунозара, фикр алмашишда пайдо бўлади. Ҳар доим кучлироқ ғоя заифроғини ютиб юборади ва миллий тафаккурда ҳам ўсиш бўлади. Оқибатда миллий консенсус, позиция шаклланади. Бир томондан Россия биз учун муҳим давлат, иккинчи томондан Украина мустақиллиги ҳам муҳим. Демак, ўртада баҳслар бошланади.

Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти тафаккурини назорат қиладиган ОАВ бу – телевидение. Бизнинг телевидениеда эса уруш бошқа сайёрада бўляпти гўё, постсовет ҳудудида эмас. Бу – жуда ҳам ачинарли ҳол.

·       Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид