Жаҳон | 11:00 / 25.02.2023
15675
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россиянинг бир йиллик урушдаги йўқотишлари Афғонистондагидан кўпроқ

Россиянинг Украинадаги уруши бошланганидан бери 15 136 нафар рус аскари ҳалок бўлгани тасдиқланди - бу Афғонистондаги Совет ҳарбий амалиётлари ўтказилган тўққиз йилдаги кўрсаткичдан кўпроқ, деб ҳисоблаб чиқди «Медиазона», BBC ва кўнгиллилар.

Фото: AP

Украинадаги урушнинг бир йилида 15 136 рус аскарининг ўлими ҳақида ишончли далиллар пайдо бўлди. Бундай маълумотлар 24 февраль, жума куни «Медиазона» нашри, Британиянинг BBC медиа компанияси ва кўнгиллилар жамоаси томонидан биргаликда ҳисобланган очиқ манбаларга асосланиб келтирилди.

Бу рақам Совет қўшинларининг Афғонистонда тўққиз йил давомида расман тан олинган йўқотишларидан (15 051 киши) ошиб кетди, дейди журналистлар.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси томонидан ёлланган маҳбуслар орасида катта йўқотишлар ҳақида маълумотлар келишда давом этмоқда. Кетма-кет иккинчи ҳисоботда бу кўрсаткичлар деярли икки баравар кўпайди: икки ҳафта олдинги 790 дан 1310 гача. Ўсиш нафақат жанглар, балки статистик маълумотлар тузувчилар томонидан амалга оширилган қўшимча текшириш билан ҳам боғлиқ.

Сафарбар этилган камида 1214 кишининг ўлими тасдиқланди. Аскарларнинг ўлими ҳақидаги хабарларнинг аксарияти Свердловск ва Челябинск вилоятлари, Бошқирдистон, Бурятия ва Доғистонга келяпти. Журналистлар ҳалок бўлганлар рўйхатини қариндошларининг қайдлари, минтақавий ОАВ хабарлари ва маҳаллий ҳокимият хабарлари асосида тузади, бироқ реал рақамлар бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 17 февраль ҳолатига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) кучлари, эҳтимол, 175-200 минг жангчини йўқотган бўлиши мумкин, шу жумладан 40-60 минг ҳарбий ҳалок бўлган. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда «қисман сафарбарлик» ўтказилган 2022 йил сентябридан буён уларнинг даражаси сезиларли ошган.

Замонавий стандартларга кўра, ҳалок бўлганлар ва ярадорлар нисбати юқори, деб таъкидлади Британия разведкаси. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу шахсий таркибнинг катта қисмига кўрсатилиши керак бўлган тиббий ёрдамнинг ўта қониқарсизлиги билан боғлиқ.

Норвегия Қуролли Кучлари бош қўмондони генерал Эйрик Кристофферсен 22 январь куни Норвегиянинг TV 2 телеканалига берган интервьюсида Украинадаги урушда қарийб 180 минг россиялик аскарлар ҳалок бўлгани ёки яраланганини айтди.

Кристофферсеннинг айтишича, Украинанинг йўқотишлари 100 000 ўлган ва яраланганлар сонидан ошади. Бундан ташқари, Украинада уруш натижасида 30 мингга яқин тинч аҳоли ҳалок бўлди, деди у.

Мавзуга оид