07:33 / 25.02.2023
6887

Европа Иттифоқи Россияга қарши навбатдаги санкциялар бўйича келишиб олди

Европа Иттифоқи давлатлари Россиянинг Украинага ҳужуми бир йиллиги муносабати билан 10-санкция пакетини келишиб олишга муваффақ бўлди. DW Полшанинг олтита шарти ҳақида билди: келажакда улар 150 нафар ташвиқотчига ва Россия ядро секторига қарши чоралар кўриши мумкин.

Фото: Reuters

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бир йиллиги муносабати билан Европа Иттифоқи давлатларининг доимий вакиллари Кремлга қарши санкцияларнинг ўнинчи пакетини келишиб олди. Бу ҳақда Швециянинг Европа Иттифоқидаги ваколатхонаси 24 февраль, жума куни кечқурун хабар берди.

Жазо чоралари икки мақсадли буюмлар экспортини қаттиқ назорат қилиш, «урушни қўллаб-қувватловчи, тарғибот-ташвиқотни йўлга қўювчи ва Россия армиясига учувчисиз учоқлар етказиб берувчи» одамлар ва муассасаларга чекловлар ҳамда Россия дезинформациясига қарши чораларни ўз ичига олади. AFP агентлиги манбасининг таъкидлашича, санкциялар рўйхатига 120 нафар жисмоний ва юридик шахс, шунингдек, яна учта Россия банки қўшилади.

«Европа Иттифоқи Украина ва украин халқи билан бирдам. Биз Украинани қанча вақт керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашда давом этамиз», деб маълум қилди Швециянинг Европа Иттифоқидаги ваколатхонаси Twitter саҳифасида.

Европа Иттифоқи давлатларининг доимий вакиллари бир неча кундан бери янги санкциялар пакетини муҳокама қилмоқда. Хусусан, Россиядан синтетик каучук олиб келиш масаласи муҳокамаларга сабаб бўлди. Полша қаттиқ чекловларни талаб қилди, аммо мамлакатлардан бири ойлик лимитни камайтириш учун таклиф қилинган механизмни рад этди.

Натижада, Полша олтита мажбурий шартни бажариш асосида муросага келди, деди европалик дипломатлар DW нашрига. Бу шартлар орасида украиналик болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда айбдорларга нисбатан санкциялар, Россия олмосларини олиб киришга қарши санкциялар, Россия ядро секторига нисбатан чеклов чоралари бўйича кейинги ишлар, 150 нафар россиялик тарғиботчига нисбатан жазо чоралари жараёнини бошлаш киради. Варшава томонидан таклиф қилинган рўйхат бандларидан бири синтетик каучук импортига тааллуқлидир: Европа Комиссияси яқин кунларда ушбу материални харид қилишни диверсификация қилиш даражасини назорат қилиш учун махсус механизм тақдим этиши керак, бу ҳар чоракда текширувларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, ЕИ Беларус режимига қарши санкциялар бўйича ишларни фаоллаштиради.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top