16:51 / 27.02.2023
5830

БМТ бош котиби Россиянинг Украинага қарши урушини кескин танқид қилди

Россия тажовузкорлиги инсон ҳуқуқларининг оммавий бузилишига олиб келди, деди Антониу Гутерриш. У, шунингдек, Украинадаги уруш даврида ҳарбий асирларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилганига ишора қилди.

Фото: Reuters

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Россия томонидан Украинада содир этилган инсон ҳуқуқлари бузилишини кескин танқид қилди. Гутерриш 27 февраль, душанба куни Женевада бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши йиғилиши очилишида Москва томонидан бошланган тажовузкор уруш замонавий дунёда инсон ҳуқуқларининг энг оммавий бузилишига олиб келганини маълум қилди

БМТ бош котибига кўра, Украинага қарши бир йил аввал бошланган уруш одамларнинг ҳалок бўлишига, вайронагарчиликларга ва катта миқёсда кўчирилишига олиб келди. Тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига қилинган ҳужумлар кўплаб қурбонлар ва даҳшатли азоб-уқубатларга сабаб бўлди, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўнлаб жинсий зўравонлик ҳолатларини ҳужжатлаштирди, деди жаҳон ташкилоти раҳбари. 

Антониу Гутерриш, шунингдек, инсонпарварлик қонунчилигининг қўпол равишда бузилиши, хусусан, ҳарбий асирларга нисбатан ёмон муносабатда бўлиш ва тинч аҳолини ўғирлаб кетиш ҳолатлари ҳақида хабар берди. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши йиғилишида 47 аъзо давлат Украинадаги уруш даврида ҳарбий жиноятларни қайд қилувчи БМТ комиссиясининг ваколатини узайтириш бўйича келишиб олиш ниятида. 

Top