22:28 / 27.02.2023
13903

Қозоғистон келаси қишда газ экспортини тўхтатиши мумкин 

Агар экспорт тўхтатилмаса, Қозоғистон ички бозорда газ тақчиллигига дуч келиши мумкин. 

Фото: Тимур Батыршин

Қозоғистонда 2024 йил куз-қиш мавсумида газ тақчиллиги бўлмайди, аммо фақат экспорт тўхтатилган тақдирда, деди QazaqGaz бошқаруви раисининг маркетинг бўйича ўринбосари Арман Касенов. 

Компания маълумотларига кўра, 2022 йилда Қозоғистонда газ истеъмоли 21 млрд куб.м.ни ташкил қилган, экспорт - 5 млрд куб.м. Башоратга кўра, 2030 йилга бориб Қозоғистонда газ истеъмоли ҳажми 40 млрд куб.м.гача ошади. 

«Қозоғистонда газ истеъмолининг ўсишини ҳисобга олсак, QazaqGaz кейинги куз-қиш мавсумида газ экспортига умид қила олмайди», деди Касенов. 

2023 йил ҳолатига Қозоғистонда қазиб олинадиган газ захиралари 3,8 трлн куб.м.га баҳоланмоқда. 2015 йилдан 2021 йилгача мамлакатда газ истеъмоли қарийб 7 млрд куб.м.га ошган. 

Ўсиб бораётган истеъмол даражасига асосан мутахассислар Қозоғистонда 2024 йилдан бошлаб газ тақчиллигини башорат қилишган эди. Ҳозир Қозоғистонни газлаштириш лойиҳаси доирасида Россия-Қозоғистон-Хитой халқаро газ қувурини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. 

Россиянинг «Газпром» компанияси 2003 йилда Қозоғистондан табиий газ сотиб олишни бошлаган эди. 2020 йилда 5,7 млрд куб.м. газ сотиб олди. 

Top