20:36 / 28.02.2023
31963

Муфтий бир нечта имом-хатибни ишдан олди, айримларига ҳайфсан берилди

Ўзбекистон диний соҳа ходимларининг танқидий-таҳлилий йиғилиши ўтказилди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

28 феврал куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров раислигида республика диний соҳа ходимларининг танқидий-таҳлилий йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар берди. 

Йиғилишда масжид имом-хатиблари, имом-ноиблари, мударрислар ва отинойилар томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинган. Шунингдек, айрим диний соҳа ходимлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни ислоҳ қилиш масалалари кўриб чиқилган. 

Йиғилиш жараёнида «меҳнат интизомига риоя этмаган, вазифасига виждонан ёндашмаган, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини қондиришга жиддий саъй-ҳаракат қилмаган ва диний соҳа ходими мақомига муносиб бўлмаган» имомлар жазоланган. 

Жумладан, Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Фатуллаев Абдусалом, Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани бош имоми ва «Шоҳ Машраб» масжиди имом-хатиби Ҳафизулло Зайниев, Самарқанд вилояти, Оқдарё тумани бош имом-хатиби Аблоқулов Ҳабибулла ва Хоразм вилояти, Шовот тумани «Хўроз Эшон бобо» масжиди имом-хатиби Рўзметов Давронбек вазифасидан озод этилган. 

Шунингдек, Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали Жабборов, Жиззах шаҳар бош имом-хатиби Фахриддин Шайзақов, Тошкент вилояти, «Раҳбар ота Акбар ўғли» масжиди имом-хатиби Раҳмонов Муҳаммадий ва Фарғона вилояти, Сўх тумани «Офтобрўй» масжиди имом ноиби Илҳомиддин Тоировга ҳайфсан интизомий жазоси берилган. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри, «Ал-Ҳудайбия» масжиди имом ноиби Шуҳрат Зияев меҳнат интизомига риоя этмагани учун бошқа ишга ўтказилган. 

Маълум қилинишича, иш фаолиятдаги хато-камчиликлар сабабли 2022 йилда 25 нафар имом-хатиб, 19 нафар имом-ноиби ва 2 нафар муҳтасиб вазифасидан озод этилган, шунингдек, 56 нафар имом-хатиб ва имом ноибига ҳайфсан интизомий жазоси берилган. 

Йиғилишда муфтий томонидан ёшлар таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратиш, халқ билан мулоқот қилиш, китоб мутолаасига тарғиб қилиш, таҳдидларга қарши курашиш, имом-хатиблар ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиш одобига амал қилиш ва билим савиясини ошириш юзасидан тавсия ҳамда кўрсатмалар берилган. 

Top