Россияда «жанговар кайфиятни кўтариш» учун тарғибот гуруҳлари тузиляпти
Россия Маданият вазирлиги Мудофаа вазирлиги билан биргаликда турли минтақалардан ҳар хил ёшдаги ижрочиларни ўз ичига олган тарғибот гуруҳларини тузмоқда. Бу ҳақда Маданият вазирлиги раҳбари Олга Любимова маълум қилди.

Фото: Picture Alliance
«Баъзи ҳолатларда улар орасида катта авлод ижрочилари бор, баъзида эса улар ёш, ҳали ҳам ривожланаётган гуруҳлардир», деди Любимова «Россия 24» телеканали эфирида.
«Қаердадир реабилитацияда бўлган йигитларни кўриб келиш керак, қаердадир катта концерт билан, қаердадир майдонда чиқиш керак, айрим вилоятларга ҳам бориш керак», - дея қўшимча қилди у.
Аввалроқ «Ведомости» газетаси Россия президенти маъмуриятидаги манбага таяниб, тарғибот гуруҳлари чақирилувчиларнинг «жанговар кайфиятини ошириш» билан шуғулланишини маълум қилган эди.
Улардан энг оммабопи - «Русское радио» ташвиқот гуруҳининг ташкил этилиши 28 сентябрь куни эълон қилинди. Унинг таркибига «Земляне» гуруҳи, Григорий Лепс, Николай Басков, Полина Гагарина, Олег Газманов, Лариса Долина ва бошқалар кириши керак эди.
Ўшандан бери тарғибот бригадаси ҳарбий ҳоспиталда, ҳарбий қисмда, сафарбарлик пунктида ва бошқа жойларда чиқиш қилишга улгурди, деб ёзади «Новая газета. Европа».