Ўзбекистон | 23:29 / 28.02.2023
12568
3 дақиқада ўқилади

Ташаббусли бюджет дастурлари учун 8 триллион сўм ажратилади

Шундан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари учун 4 триллион сўм йўналтирилади. 

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури президент томонидан имзоланди.

Унда «Янги Ўзбекистон» массивларини ривожлантириш ва аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш чора-тадбирлари белгиланди. 

Жумладан, 2023 йилда «Янги Ўзбекистон» массивлари ва 161 та бошқа массивда, жумладан, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жой қуришнинг йиллик ҳажмлари 1,6 бараварга оширилиб, 90 мингга етказилади. 

Бунда, уй-жой ҳамда ижтимоий ва савдо объектларини лойиҳалаштириш ва қуришда автотранспорт воситаларининг тураргоҳлари, шу жумладан кўп қаватли ва ерости автотураргоҳлар мажбурий равишда барпо этилиши таъминланади. 

32 минг нафар фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредити, шунингдек 11 минг нафар фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидия ажратиш учун давлат бюджетидан етарли маблағ йўналтирилади. 

Аҳолини бозор тамойиллари асосида ипотека кредити орқали уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган фуқаролар учун Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида «Менинг биринчи уйим» дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилади. 

Халқаро ва маҳаллий фонд биржаларида «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси»нинг ипотека облигацияларини чиқариш ва жойлаштириш учун компаниянинг устав фонди 100 млн АҚШ доллари эквивалентига етказилади. Бунда, ипотека облигацияларини жойлаштириш ҳисобига жалб қилинган маблағлар ипотека кредитлари учун ресурс сифатида банкларга жойлаштирилади. 

Ташаббусли бюджет амалиётини ҳамда маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини кенгайтириш мақсадида: 

2023 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 8 триллион сўм, шундан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари учун 4 триллион сўм йўналтирилади. 

2023 йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳа дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 4 триллион сўм ажратилади. 

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 3 ой муддатда лойиҳаларни жамоатчилик фикри ва «Очиқ бюджет» порталида тўпланган овозлар асосида молиялаштиришнинг самарали тизимини яратиш ва амалиётга киритиш вазифаси юкланади. Бунда, овоз бериш жараёнини холис ва маъмурий аралашувларсиз ташкиллаштиришнинг аниқ механизмларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилади. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид