11:55 / 28.02.2023
10596

Украина: УҚК беш йўналишда 60 дан ортиқ ҳужумларни қайтарди

Украина мудофаа кучлари ўтган кун давомида беш йўналишда – Купянск, Лиман, Бахмут, Авдеевка ва Шахтёр бўйича душманнинг 60 дан ортиқ ҳужумини қайтарди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штабининг эрталабки тезкор ҳисоботида айтилган.

Фото: AA

Унинг маълумотларига кўра, россияликлар саккизта ракета ва 32 та авиация ҳужуми, шунингдек, ялпи ўт очиш реактив тизимларидан 85 та ҳужум уюштирган. 

Ўз навбатида, Украина Қуролли кучлари ўтган сутка давомида 12 та зарба берувчи учувчисиз учоқни, шу жумладан, 11 та «Шаҳед-136» русумли дронларни йўқ қилди. 

Украина авиацияси оккупантлар тўпланган ҳудудларга 4 та зарба берди, ракета кучлари ва артиллерия бўлинмалари битта қўмондонлик пунктига, иккита рақиб кучлари тўпланган ҳудудига ва иккита ҳаво ҳужумига қарши мудофаа позицияларига зарба берди.

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский видеомурожаатида Бахмут ҳудудидаги ҳарбий вазият ҳақида гапирганди. 

«Мен қўмондонларимиз билан доимий алоқадаман. Айниқса, шарқдаги вазият, албатта, Донецк вилоятидаги вазият эътиборга молик. Бахмут йўналишида вазият тобора мураккаблашиб бормоқда. Душман ўз позицияларимизни ҳимоя қилиш, мустаҳкамлаш учун доимо фойдаланиш мумкин бўлган ҳамма нарсани йўқ қилмоқда», — деди Зеленский.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top