Диний нашида учун 5 йилга қамалган Сардор Раҳмонқулов озодликка чиқарилди
Апелляция судининг ажримига мувофиқ, 21 ёшли судланувчига тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳукмга ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланди ва у суд залида озод қилинди.
Синфдошига Telegram мессенжери орқали диний нашида юборгани ортидан 5 йилга қамалган 21 яшар Сардор Раҳмонқулов 2 март куни апелляция суди якунида озодликка чиқди.
Тошкент шаҳар суди ЖИБ судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажримига мувофиқ, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгартирилди: тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) қўлланилган ҳолда шартлига ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланди ва у суд залида қамоқдан озод қилинди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида Раҳмонқуловнинг 7 ой 9 кун қамоқда сақлангани инобатга олиниб, асосий жазодан чегириб ташланди.
Олий суднинг бу ҳақдаги баёнотида суд ҳукм чиқаришда “жамоатчиликнинг кенг муҳокамаси эмас, балки қонунчиликда назарда тутилган адолат ва шахсни ахлоқан қайта тарбиялаш сингари тамойилларга асослангани” таъкидланган.
21 ёшли Сардор Раҳмонқулов 3 йил олдин синфдошига юборган диний қўшиқ (нашида) диний қўмита хулосасига кўра, ақидапарастлик ғояси билан йўғрилган деб топилган эди. Тергов вақтида 7 ойдан кўпроқ қамоқда ўтирган Раҳмонқуловга 2023 йил 30 январь куни суд ҳукми ўқилиб, у 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Ҳолат жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев ҳолатни ўрганиб, унга ёрдам беришини билдирганди.
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024