Ўзбекистон | 18:55 / 03.03.2023
2303
1 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Чимкентда Тўқаев билан норасмий учрашувда иштирок этди

Норасмий учрашувда иттифоқчилик муносабатларининг бугунги ҳолати ва мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

3 март куни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Оқ Ўрда хабар берди.

«Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида ўтган учрашувида икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларининг бугунги ҳолати ва мустаҳкамлаш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди», дейилади хабарда.

Томонлар Тўқаевнинг 2022 йил декабр ойида Тошкентга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини ҳам муҳокама қилган.

«Президентлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, сармояларни жалб этиш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди», дейилади хабарда.

Шунингдек, минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.

 

Мавзуга оид