Жаҳон | 08:33 / 06.03.2023
3072
2 дақиқада ўқилади

Эстониядаги сайловларда ҳукмрон Ислоҳотлар партияси ғалаба қозонди

Амалдаги бош вазир Кая Калласнинг Ислоҳотлар партияси Эстония парламентида 37 ўринни қўлга киритиши кутилмоқда, бироқ дастлабки маълумотларга кўра, партия ҳокимиятда қолиш учун коалиция тузиши керак.

Кая Каллас (марказда) / Фото: AP

Эстония парламенти – Рийгикогу сайловларида бош вазир Кая Каллас бошчилигидаги ҳукмрон либерал ислоҳотлар партияси ғалаба қозонди. Сайлов бюллетенларининг қарийб 100 фоизи қайта ишлангач, Республика сайлов комиссияси маълумотларига кўра, партия сайловчиларнинг 31 фоиздан кўпроқ овозини йиғиб, рақибларини катта фарқ билан ортда қолдирмоқда.

Мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, Кремлга нисбатан қатъий сиёсат ва Украинани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тарафдори бўлган «Ислоҳотлар партияси 37 депутатлик мандатини олиши мумкин, бу 2019 йилдаги аввалги сайловлардагидан учтага кўп.

Иккинчи ўринда Эстониянинг ўнг қанот популистик Консерватив халқ партияси (EKRE) жойлашган бўлиб, унга сайловчиларнинг 16 фоизга яқини овоз берган, бу эса унга парламентда 17 ўрин беради. Учинчи ўринда 15 фоиздан ортиқ овоз тўплаган ва 16 мандат олган Марказчилар партияси.

Парламентга яна уч партия – ёш либерал Eesti 200 партияси, консерватив Isamaa («Ватан») ва Социал-демократик партия киради. Сайловда иштирок этаётган қолган партиялар беш фоизлик чегарадан ўта олмади.

Дастлабки маълумотларга кўра, Эстониядаги парламент сайловларида иштирок этганлар кўрсаткичи 63,7 фоизни ташкил этган, бу тахминан 2019 йилги сайловлар билан бир хил. Жами 615 мингга яқин сайловчи овоз берди, улардан 301 мингдан ортиғи қоғоз, 313 мингдан ортиғи интернет орқали овоз беришдан фойдаланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид