Жаҳон | 17:42 / 06.03.2023
17407
3 дақиқада ўқилади

Киевда Бахмут ҳимоясини давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилинди

Аввалроқ Зеленский ва Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Бахмут масаласида ҳамфикр эмаслиги ҳақида хабар тарқалганди.

Фото: Picture Alliance

Украина президенти Володимир Зеленский ва Украина Қуролли кучлари Олий бош қўмондони Валерий Залужний иштирокида Олий қўмондонлик штабининг йиғилишида Бахмутни ҳимоя қилишни давом эттириш ва бу шаҳардаги позицияларни мустаҳкамлаш тўғрисида қарор қабул қилинди

Залужний ҳамда Донбассдаги гуруҳ раҳбари, «Хортица» қўшинлар тезкор-стратегик гуруҳи қўмондони Александр Сирский Украина президентининг шу ҳақдаги саволига жавобан Бахмут мудофаасини давом эттириш кераклигини қайд этишган. «Улар мудофаа амалиётини давом эттириш ва Бахмутдаги позицияларимизни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканини билдиришди», — дея хабар берган Украина президенти офиси матбуот хизмати. Хабарда Залужний ва Сирскийдан қандайдир иқтибос келтирилмаган.

Украина президенти офиси бу хабарни Германиянинг Bild таблоидида Зеленский ва Залужний ўртасида Бахмут бўйича позициялардаги келишмовчиликлар ҳақида чиққан хабар ортидан тарқатди. Немис нашрининг Киевдаги манбасига кўра, Залужний бир неча ҳафта олдин тактик сабабларга кўра Бахмутдан кетиш ҳақида ўйлаб кўришни таклиф этган, Зеленский эса уни мудофаани сақлаб қолишга чақирган. 

Ғарбдаги аксар ҳарбий экспертлар фикрича, Бахмутни ушлаб қолиш ёки бой бериш урушнинг бориши учун стратегик аҳамиятга эга эмас.

Америка Урушни ўрганиш институтининг ҳисоботида айтилишича, Россия қўшинлари Украинанинг Бахмутни эгаллаб олиш йўлида бироз олдинга силжиган ва шаҳардаги қатор ҳудудларни эгаллаб олиш имконига эга бўлган. Аммо институт экспертлари хулосасига кўра, Россия армияси украиналик ҳарбийларни чекинишга мажбур қилолмаган, яқин орада руслар шаҳарни ўраб олишини ҳам кутиш ўринсиз.

Украина томони Бахмут шарқидаги ўта мураккаб ҳудудлардан кучларни назоратли олиб чиқиш учун қулай шароит яратишга интилмоқда, аммо украиналикларга Бахмутдан чекиниш топшириғи берилгани ҳақида маълумот йўқ. Институт таҳлилларига кўра 4 март куни Россия кучлари олдинга силжиган, вагнерчилар охирги бир неча кунда муваффақиятли айланиб ўтиш тактикаси сабаб Бахмут шимоли-шарқида ҳам олдинлаган.

  • Бахмут учун жанглар 2022 йил июлидан буён олиб борилмоқда. Россия томонида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ёлланма жангчилари, хусусан маҳбуслар асосий куч сифатида иштирок этмоқда. 2023 йил март ойи бошига келиб ҳарбий компания раҳбари Евгений Пригожин Бахмут «амалда қуршаб олингани»ни айтди ва Украина армиясига шаҳарни тарк этишни таклиф қилди. Украина қуролли кучлари ҳарбий мутахассисларнинг бир қисмини Бахмутдан олиб чиққан. Шаҳар мудофааси давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид