09:05 / 13.03.2023
6555

Украина: Киев қарши ҳужумга ўтиш учун Ғарбдан қурол кутмоқда

Украина қарши ҳужумни режалаштирмоқда ва «русларнинг позицияларига қуруқ қўл билан бормаслик» учун Ғарбдан қурол кутмоқда. Бу ҳақда Украина бош вазирининг Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича ўринбосари Олга Стефанишина Journal du Dimacnhe нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди. 

Фото: Getty Images

«Биз буни амалга ошириш учун етарли қурол ва ўқ-дориларимиз бор деб ўйлагунимизча, қарши ҳужум бошлаганимизни кўрмайсиз. Бу операцияни режалаштириш аллақачон бошланган», деди у.

10 март куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси Украинага 3-5 ойлик уруш учун 1 миллион 155 калибрли артиллерия снарядлари етарли бўлиши кераклигини айтди. Бу Киевнинг икки ой ичида бир миллион снаряд тугаши ҳақидаги расмий ҳисоб-китобларига зид келади. 

Европа Иттифоқи расмийсининг таъкидлашича, у Украинанинг уруш ҳозирги босқичидан жуда тез чиқиб кетишини ҳисобга олади, бунда артиллерия ҳал қилувчи роль ўйнайди. «Қуролли тўқнашувда иштирок этаётган томон қанчалик кўп мудофаа позициясини эгалласа, унга шунча кўп снаряд керак бўлади. Бироқ, жаҳон кўмаги билан Украина бу позициядан чиқади», деб тушунтирди у.

Аммо Украина ўз иттифоқчиларидан олган қурол тизимлари билан қарши ҳужумга киришишидан олдин, унга зудлик билан ўқ-дорилар керак. Европа Иттифоқи мамлакатларида қанча захира борлиги номаълум, чунки бу махфий маълумот, аммо Брюсселнинг айтишича, баъзи мамлакатларда деярли ҳеч нарса қолмаган. 

Шунга қарамай, режа муаллифлари ЕИга аъзо давлатлар мавжуд барча снарядларни Киевга ўтказишига умид қилмоқда ва уларни тўлдиришни кафолатлашга тайёр.

Top