Жаҳон | 16:09
1696
4 дақиқада ўқилади

Киев Ҳиндистондан қўлга олинган украиналикларни озод этишни сўрамоқда

13 март куни олти нафар Украина фуқароси Ҳиндистон ва Мянма чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, Европадан Ҳиндистон орқали Мянмага катта партияда дронларни ноқонуний олиб кириш ва хунтага қарши кучларга дрондан фойдаланишни ўргатишда айбланиб қўлга олинган.

Фото: Getty images

Украина ҳукумати Ҳиндистонга ушбу мамлакат ҳудудида қўлга олинган олти нафар украиналикни озод қилиш сўрови билан мурожаат қилди. 16 март куни суд украиналиклар, шунингдек улар билан бирга қўлга олинган бир нафар АҚШ фуқаросининг қамоқда сақлаш муддатини 27 мартгача узайтирди, деб ёзади Reuters агентлиги 18 март, чоршанба куни суд қарорига таяниб.

Шу маълумотларга кўра, етти нафар ҳибсга олинган шахс Ҳиндистоннинг шимоли-шарқий қисмидаги Мизорам штатига ноқонуний кириш, қўшни Мянма билан чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва мамлакатда ҳукмрон ҳарбий хунтага қарши курашаётган этник гуруҳлар вакилларига дронлардан фойдаланишни ўргатишда айбланмоқда. Агентлик қайд этишича, уларга, шунингдек, Европадан Ҳиндистон ҳудуди орқали Мянмага йирик партияда дронларни ноқонуний олиб кириш айби ҳам қўйилмоқда.

Украинанинг Ню-Деҳлидаги элчиси Александр Полишчук 16 март куни Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг юқори лавозимли вакили Сиби Жорж билан учрашиб, унга “Украина фуқароларини зудлик билан озод қилиш ва уларга кириш имконини бериш талаб қилинган” норозилик нотасини топширди.

Элчихона баёнотида шундай дейилган: “Биз эътибор қаратамизки, Ҳиндистонда хорижий фуқаролар учун кириш чекланган айрим ҳудудлар мавжуд бўлиб, у ерларга фақат махсус рухсатнома билан кириш мумкин. Шу билан бирга, бундай ҳудудларнинг жойларда тегишлича белгиланмагани кўп учрайди, бу эса ўрнатилган қоидаларни билмасдан бузиб қўйиш хавфини туғдиради”.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги 17 март куни мамлакатнинг олти нафар фуқароси 13 мартда Ҳиндистонда қўлга олинганини тасдиқлади. Вазирлик таъкидлашича, ҳозирча украиналикларнинг терактлар тайёрлашга алоқадорлигини тасдиқлайдиган ҳеч қандай фактлар йўқ, бу ҳақда аввалроқ Ҳиндистон ва Россия оммавий ахборот воситалари хабар берган эди. Киевда айтишларича, айрим нашрлар мавжуд фактларни бузиб кўрсатмоқда, манипулятив тусга эга ва асоссиз айбловларни илгари сурмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, айбловлар Мизорам штати ҳудудида рухсатсиз бўлиб туриш билан боғлиқ, чунки бу ҳудудга ташриф буюриш учун махсус рухсат талаб қилинади. Шунингдек, Мянма чегарасини эҳтимолий равишда ноқонуний кесиб ўтиш ҳақида ҳам гап кетмоқда.

Киев, шунингдек, Украина элчихонаси ходимлари 16 март куни суд мажлисига келганини, аммо уларга қўлга олинганлар билан бевосита мулоқот қилишга рухсат берилмаганини билдирди. “Шаклланган халқаро амалиётга зид равишда, Ҳиндистондаги Украина элчихонаси Украина фуқаролари қўлга олингани ҳақида Ҳиндистоннинг ваколатли органларидан расмий хабар олмади. Украина томони қўлга олинганларга консуллик ходимларининг зудлик билан ва тўсиқсиз киришини таъминлашда қатъий турибди”, деб иқтибос келтиради Украина Ташқи ишлар вазирлиги баёнотидан “Украинская правда” нашри.

Суд қарори билан Ҳиндистонда ушлаб турилган олти нафар украиналикка украин консуллари ҳалигача кира олмаган. Бу ҳақда 18 март, чоршанба куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати DW'га берган изоҳида маълум қилди. Матбуот хизмати таъкидлашича, Украина томони қўлга олинганларга кириш имконини беришни бир неча бор сўраган. “Бугун, 18 март куни, Украинанинг Ҳиндистондаги элчихонаси яна бир бор Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигига консулларга фуқаролар билан зудлик билан ва тўсиқсиз учрашиш имконини бериш талаби билан расмий нота юборди”, деди вазирлик матбуот хизмати.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид