08:52 / 14.03.2023
3973

Эрон ва Беларус ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

Эрон президенти Иброҳим Раисий ва Беларус раҳбари Александр Лукашенко Теҳронда ҳамкорлик бўйича йўл харитасини имзолади.

Фото: Xinhua

Эрон президенти Иброҳим Раисий ва Беларус раҳбари Александр Лукашенко Теҳронда 2026 йилгача ҳамкорлик бўйича йўл харитасини имзолади. БелТА давлат агентлигининг 13 март, душанба куни хабар беришича, ҳужжат Минск ва Теҳрон ўртасида сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий, консуллик, таълим соҳаларида, шунингдек, туризм, оммавий ахборот воситалари, маданият ва санъат соҳаларида ҳамкорликни назарда тутади. 

Музокаралар чоғида Раисий ва Лукашенко барча соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлаш ниятида эканини маълум қилди. Эрон давлати раҳбари Эрон Ғарб санкциялари шароитида Беларус билан иқтисодиётни ривожлантириш йўлларини бўлишишга тайёрлигини таъкидлади.

2022 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 100 миллион долларни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан уч баробар кўпдир. Беларуснинг Эронга экспорти ҳажми олти бараварга кўпайиб, 81 миллион доллардан ошди. Беларус Эронга асосан калийли ўғитлар, ёғоч, синтетик иплар етказиб беради, озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилади.

Top