Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
NYT: Каспий денгизи Россия ва Эрон учун стратегик савдо йўлагига айланди
Сўнгги ойларда Россиядан Эронга дронлар учун эҳтиёт қисмлар етказиб бериш ҳажми Каспий денгизи орқали кескин ошган. The New York Times нашрига кўра, Москва ва Теҳрон ушбу маршрутни АҚШ томонидан эҳтимолий тўсиб қўйиш хавфидан қочиш учун танлаган.
Фото: picture alliance
The New York Times газетаси америкалик манбаларга таяниб хабар беришича, Каспий денгизи орқали Россиядан Эронга дронлар учун қисмлар етказиб бериш тобора кучаймоқда. Нашрнинг ёзишича, АҚШ бу ҳудудда кемаларни тўхтатиш ёки текшириш имкониятига эга эмас.
Манбаларга кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейин Каспий денгизи Россия ва Ислом Республикаси ўртасидаги муҳим савдо йўлагига айланган.
The New York Times таъкидлашича, Россиядан келаётган қисмлар Теҳрон мудофаа салоҳиятида ҳал қилувчи роль ўйнамаса-да, Эронга можаро дастлабки ойларида йўқотилган дронлар захирасини тиклашга ёрдам бериши мумкин. Газета маълумотига кўра, Эрон можаро бошида дрон арсеналининг қарийб 60 фоизини йўқотган.
Каспий денгизи АҚШ ҳарбийлари учун “кўринмас ҳудуд” ҳисобланади, чунки унга фақат Россия, Эрон, Озарбойжон, Қозоғистон ва Туркманистон чиқиш имконига эга. Шу сабабли АҚШ дронлар учун қисмлар ташаётган кемаларни ушлаб қолиш ёки блоклаш имкониятига эга эмас.
The New York Times ёзишича, Эрон ва Россия ўртасидаги денгиз алоқалари икки давлат мудофаа саноати учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Москва Каспий орқали Shahed туридаги зарба берувчи дронлар учун эҳтиёт қисмлар ва ўқ-дорилар қабул қилмоқда. Кейинчалик ушбу воситалар Украинага қарши ҳужумларда қўлланаётгани айтилмоқда.
Россия портлари статистикасига кўра, сўнгги ойларда Эрон ва Россия ўртасидаги денгиз ташувлари янада фаоллашган. Масалан, аввал Қора денгиз орқали юборилган буғдой ҳозир Каспий орқали ташилмоқда.
Шунингдек, Россия одатда Ҳўрмуз бўғози орқали ташиладиган айрим товарларни ҳам ҳозир Каспий денгизи орқали юборяпти. Айни вақтда Эрон Ҳўрмуз бўғозини блоклашда давом этмоқда.
Эрон расмийлари маълум қилишича, ҳозир Каспий денгизидаги тўртта порт сутка давомида узлуксиз ишламоқда. Улар Россиядан буғдой, маккажўхори, кунгабоқар ёғи, чорва учун озуқа ва бошқа озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қабул қилмоқда.
Мавзуга оид
23:48 / 10.05.2026
Эрон АҚШнинг сўнгги тинчлик таклифига жавоб қайтарди
07:55 / 09.05.2026
Украина Москвадаги парад пайтида Қизил майдонга зарба бермайди
07:43 / 09.05.2026
Трамп Россия ва Украина ўртасида уч кунлик сулҳни эълон қилди
07:18 / 09.05.2026