17:01 / 14.03.2023
6900

Гуржистонда россияликларни давлатга киритмаслик ҳолати кескин кўпайди

Фото: Reuters

Гуржистонга кириш тақиқланган россияликлар рўйхатига «Дождь» журналисти Александра Шведченко ҳам қўшилди. У сўнгги бир йил давомида яшаган ушбу мамлакатга ҳеч қандай тушунтиришсиз киритилмаган.

«Дождь» телеканали журналисти Александра Шведченкога сўнгги бир йил давомида яшаб келаётган Гуржистонга киришга рухсат берилмади. Бу ҳақда 14 март, сешанба куни телеканал хабар берди. 

Шведченко Ригадан Тбилиси аэропортига учиб, у ерда чегарада қўлга олинган. Ярим соатдан сўнг журналистга Гуржистон қонунчилигида кўзда тутилган «бошқа сабабларга кўра» мамлакатга киритилмаслиги маълум қилинди. Шундан сўнг Шведченко Ригага учадиган самолётга қайта кузатиб қўйилган.

Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кейин кўплаб россиялик журналистлар, сиёсатчилар ва жамоат арбоблари мамлакатни тарк этиб, Гуржистонга йўл олишди. Россияда сафарбарлик эълон қилинганидан кейин яна ўн минглаб руслар мамлакатни тарк этишди, уларнинг кўпчилиги ҳам Гуржистонга борди. Оқибатда икки давлат чегарасида кўп километрлик навбат юзага келди ва авиачипталар нархи бир неча баробар ошди. 

Сўнгги бир неча ой давомида мамлакатда яшаган ёки у ерга бир муддатга келган руслар Гуржистонга мунтазам равишда киритилмаяпти. Кўпинча, депортация бланкаларида «киришни рад этишнинг бошқа сабаблари» бандига белги қўйилади. «Проект», «Медиазона», «Холод» журналистлари, Pussy Riot аъзоси Олга Борисова, ҳуқуқшунос Дмитрий Катчев, «Насилию.нет» фонди асосчиси Анна Ривина, сиёсатчи Дмитрий Гудков ва бошқа россияликлар ҳам аввалроқ мамлакатга киритилмаган эди. 

Рад этиш жавобига нафақат жамоат арбоблари дуч келяпти, деди Россиядан фаоллар, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига кўчиб ўтишга ёрдам берувчи Free Russia Foundation ташкилотининг Жанубий Кавказ бўлими директори Егор Куроптев. 

Top