Жаҳон | 18:45 / 15.03.2023
5271
2 дақиқада ўқилади

Январь ойида Россиядан экспорт учдан бир қисмга тушиб кетди

Энергия ресурслари Россия экспортининг асосий тоифаси бўлиб қолмоқда. Улар мамлакатдан экспорт қилинадиган товарлар қийматининг 65 фоизини ташкил қилади.

Фото: РИА Новости

Жорий йилнинг январь ойида Россия экспорти йиллик ҳисобда деярли учдан бир қисмга - 28,2 фоизга камайди. Бу 15 март, чоршанба куни Россия Федерал божхона хизмати томонидан эълон қилинган маълумотларда айтилган. Ушбу маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ойида Россия 32,9 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилган. Энергия ресурслари асосий тоифа бўлиб қолмоқда - улар экспорт қилинадиган товарлар қийматининг 65 фоизини ташкил этади. 2022 йилнинг январига нисбатан Россиядан энергия экспорти чоракдан кўпроққа камайди.

Экспортнинг 10 фоизини озиқ-овқат, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо металлар, 4 фоизини қора металлургия маҳсулотлари ташкил этди. Федерал божхона хизмати маълумотларига кўра, қора металлар экспорти ҳам январь ойида деярли икки баравар камайди (49,9 фоизга).

Шу билан бирга, Россияга товарлар импорти бироз камайди. Январь ойида мамлакатга 22,2 миллиард долларлик маҳсулот импорт қилинди, бу 2022 йил январига нисбатан 4,8 фоизга кам. Импортнинг энг йирик товарлари - атом энергетикаси ускуналари (19 фоиз), озиқ-овқат (14 фоиз) ва ишлаб чиқариш ускуналари (12 фоиз).

Федерал божхона хизмати «қурол» ва «самолёт» товар гуруҳлари импорти тўғрисидаги маълумотларни эълон қилмади. Бироқ, импортнинг умумий қиймати ва маълум тоифалар ўртасидаги фарққа кўра, январь ойида Россия деярли 120 миллион долларга қурол ва самолёт қисмларини импорт қилган деган хулосага келиш мумкин. Божхона хизмати статистикасига кўра, 2022 йилда Украинага қарши урушга қарамай, ушбу тоифадаги импорт 3,3 миллиард доллардан ошди.

Россиянинг савдо баланси ижобийлигича қолмоқда. Январь ойида мамлакат сотиб олганидан 10,7 миллиард долларга кўпроқ ҳажмда маҳсулот сотди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид