11:54 / 16.03.2023
7622

Энергия ресурслари талон-торож қилинаётгани ҳақида хабар бериш учун махсус Telegram бот ишга туширилди

Бош прокуратура фуқаролардан ўзлари яшаётган ҳудудда энергетика соҳасидаги қонунбузарликлар ҳақида  EnergonazoratBot орқали хабар йўллашни сўрамоқда.

“Жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашда жамоатчилик назорати механизмлари йўлга қўйилгани муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Бош прокуратура жамоатчилик эътиборини яна бир бор энергия ресурсларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатнинг олдини олиш, айбдор шахсларга нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратади”, дейилади идора ахборот хизмати томонидан эълон қилинган видеороликда.

Фуқаролар энергетика соҳасидаги ҳар қандай қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш, ноқонуний фойдаланилаётганини ўз вақтида аниқлашда фаол ҳамкорликка чақирилган.

Бунинг учун улар ўзлари яшаётган ҳудудда энергетика соҳасига оид бирор-бир қонунбузилишига гувоҳ бўлишса, бу ҳақда EnergonazoratBot орқали хабар беришлари талаб этилади.

“Бунинг учун қонунбузилиши ҳолатини суратга оласиз ва махсус Telegram ботга кириб, объект жойлашган ҳудудни ёзиб, юбориш тугмасини босасиз.

Махсус Telegram ботга келиб тушган ҳар қандай маълумот прокуратура органларида ташкил қилинган Ишчи гуруҳга автоматик тарзда келиб тушади. Ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир қонунбузилиш ҳолати ҳақидаги маълумот синчиклаб ўрганиб чиқилади ва натижаси бўйича қонуний чоралар кўрилади”, дейилади расмий хабарда.

EnergonazoratBot орқали шу тарзда хабар бериш мумкин Фото: Kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 16 январида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон энергетика тизимидаги муаммоларга тизимсиз ишлаш, энергоресурсларни талон-торож қилиш ҳолатлари ҳам сабаб бўлаётгани, хусусан, ўтган бир ойда электрга 5 мингта, газга 4,5 мингта ноқонуний уланишлар аниқланганини танқид қилганди.

Йиғилишда муаммолар тизимдаги коррупция билан боғлиқлиги таъкидланиб, ДХХ ва Бош прокуратурага уни йўқ қилиш бўйича алоҳида чоралар кўриш тўғрисида топшириқ берилганди.

6 февралдаги йиғилишда энергетика тизимида ўғрилик жуда катта экани яна бир марта таъкидланган, президент масъулларга энергетика назорати бўйича икки йил “фавқулодда тартибда” ишлаш вазифасини юклаганди.

Январ ойида 85 млрд сўмлик табиий газ, 5,6 млрд сўмлик электр энергияси ўғирлангани аниқланди.

Шундан сўнг президент томонидан имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра “свет” ва газдан тижорат мақсадларида ноқонуний фойдаланиш ўғрилик деб белгиланди.

Шунингдек, президентнинг “Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Бош прокурорнинг ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратни амалга оширишга масъул бўлган ўринбосари лавозими ташкил этилди.

Top