Жаҳон | 07:52 / 16.03.2023
10403
3 дақиқада ўқилади

Ғарб давлатлари Украинага янги ҳарбий ёрдам ҳақида эълон қилди

«Рамштайн» форматидаги виртуал учрашувда 40 дан ортиқ мамлакат иштирок этди. Швеция ва Испания Украинани Leopard 2 танклари билан таъминлайди, Канада ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун артиллерия ўқ-дорилари ва ракеталар топширишини эълон қилди.

Фото: Getty Images

15 март, чоршанба куни видео-конференция орқали Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳининг «Рамштайн» форматидаги 10-йиғилишда 40 дан ортиқ давлат иштирок этди. Унинг якунида АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Швеция Киевга ўнта Leopard 2 танки ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари топширишини маълум қилди. У қайси комплекслар ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади. Февраль ойида Стокҳолм Hawk ва IRIS-T тизимлари Украинага ўтказилиши ҳақида хабар берган эди.

Ўз навбатида, Испания Украинани қурол-яроғ, гуманитар ёрдам ва украиналик ҳарбий хизматчиларни ўқитиш орқали қўллаб-қувватлаш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлади. Яқин келажакда Мадрид Киевга Leopard 2А 4 русумли олтита жанговар танкни, кейинроқ эса яна тўрттасини жўнатади, деди мудофаа вазири Маргарита Роблес. 14 март куни Испания ушбу ускунани бошқарадиган ва уларга хизмат кўрсатадиган 55 нафар украиналик ҳарбий хизматчиларни тайёрлашни якунлади. Бундан ташқари, Украина М-113 ТОА бронетранспортёрларининг янги партиясини олади, дея қўшимча қилди Роблес.

Канада ҳукумати Киевга 8000 та артиллерия ўқлари, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар юборади, деб хабар берди Оттавадаги Мудофаа вазирлиги. Бундан ташқари, Дания, Германия ва Нидерландия томонидан Украинага топширилган Leopard 1 жанговар танклари учун 105 мм калибрли 1800 дан ортиқ ўқув снарядлари тақдим этилади. Канада аввалроқ Украинага 8 та Leopard 2 танкини тақдим этишини эълон қилган ва Россиянинг кенг кўламли босқини бошидан бери Украинага 1 миллиард Канада долларидан ортиқ (730 миллион АҚШ доллари) ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олган.

Шу куни Дания ҳукумати жорий йилда Украинага ҳарбий ва ҳуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича махсус жамғарма ташкил этишини маълум қилди.Қироллик ҳукумати парламентнинг кенг қўллаб-қувватлаши билан Украина учун жамғарма яратиш қарорига келишиб олди. Унинг умумий суммаси 7 миллиард Дания кронини (тахминан 940 миллион евро) ташкил этади. «Бундан ташқари, 2022 ва 2023 йилларда берилган ҳарбий хайрия ёрдамлари билан боғлиқ ҳарбий техникаларни алмаштириш харажатларини қоплаш учун 2024-2027 йилларда маблағ ажратилади», — дейилади хабарда.

Мудофаа вазири Олексий Резников «Рамштайн» учрашуви натижаларини далда берувчи деб баҳолади ва «ҳаво ҳужумидан мудофаа, ўқ-дорилар таъминоти, ўқитиш ва «зирҳли мушт» шаклланишига ишора қилди. У Twitter'даги баёнотида АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остинга, шунингдек, «Кремлга қарши коалициядаги дўстлар»га «ажойиб етакчилик», Украинани ғалабагача қўллаб-қувватлашга тайёрлиги учун миннатдорчилик билдирди.

Мавзуга оид