Ўзбекистон | 07:32 / 16.03.2023
25292
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Анқарада Эрдўған билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 март куни Анқара шаҳрига келгач, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашув ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари Туркия етакчисига ушбу мамлакатнинг жануби-шарқий музофотларида ўтган ойда рўй берган вайронкор зилзилалар муносабати билан шахсан чуқур ҳамдардлик билдирди. Жабр кўрган музофотларни қайта тиклаш ва янги инфратузилмани барпо этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Туркия президенти, ўз навбатида, Ўзбекистон президенти ва халқига табиий офат оқибатларини бартараф этишда кўрсатган биродарлик ёрдами, қутқарув ишларидаги фаол иштироки ва жабрланганларга инсонпарварлик кўмаги учун яна бир бор самимий миннатдорлик билдирди.

Туркий давлатлар ташкилотининг 16 март куни ўтадиган фавқулодда саммити ташкилотдаги мамлакатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва биродарлик ришталарининг ёрқин ифодаси бўлишига ишонч билдирилди.

Учрашувда Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларининг ривожланиш суръати мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми ортмоқда, ўтган йили 370 та янги корхона ташкил этилди. Кейинги олти йилда Туркиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялари ҳажми 3,5 миллиард долларни ташкил этди. Энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, енгил саноат ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси, шу жумладан Стратегик шериклик кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.

Якунда Туркия вице-президенти Фуат Ўқтой Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли муносабатларни ҳар томонлама ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид