Жаҳон | 16:18 / 16.03.2023
5713
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ Россиянинг Бахмутдаги йўқотишларини 20-30 минг киши атрофида баҳолади

Фото: AP

2022 йил май ойидан бери Бахмут учун жангларда Россия мунтазам армияси ва «Вагнер» ХҲК 20 мингдан 30 000 минггача аскарларини йўқотди, бунда ўлдирилган ва яраланган жангчилар сони ҳисобланган, деб ёзади «Укринформ» ЕХҲТдаги Британия делегациясининг катта ҳарбий маслаҳатчиси Ян Стаббсга таяниб. 

«Россия Донбассдаги ҳужумларини давом эттирар экан, у жуда оғир йўқотишларга учради. Ўтган йилнинг май ойидан буён биргина Бахмут минтақасида 20 мингдан 30 минггача «вагнерчилар» ва Россия мунтазам армиясининг аскарлари ҳалок бўлди ҳамда яраланди - бу жами тахминан 25 километр олдинга силжиш ҳисобга олинса, катта инсоний йўқотишлар», - деди Стаббс.

2023 йилнинг февралидаги шиддатли жанглар давомида Россия қўшинлари бутун ой давомида бор-йўғи 233,94 квадрат километр майдонни эгаллаб олишга муваффақ бўлди, бу Украина ҳудудининг 0,039 фоизига тўғри келади, деб ёзади Business Insider Америка урушни ўрганиш институтига (ISW) таяниб. 

ISW 14 март куни маълум қилишича, айни пайтда, февраль ойида Россия ўзи аввал эълон қилган янги ҳужумни бошлади ва кичик ютуқлар эвазига минглаб аскарлари ва кўп сонли қуролларини йўқотмоқда. Ўз ҳисоб-китобларида таҳлилчилар 31 январдан 28 февралгача бўлган картографик маълумотларга асосланган.

Ўз навбатида, War Mapper гуруҳининг таъкидлашича, февраль ойида Россия босиб олинган ҳудудни 85 квадрат километрга оширди, бу Украина бутун ҳудудининг 0,01 фоизига тенг. «Россия бу кичик ҳудудни минглаб аскарлари ва ҳарбий техникасини йўқотганидан кейин қўлга киритди», деб таъкидлайди нашр.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид