20:44 / 21.03.2023
53418

Денгиз тубидан пластик тошлар топилиши олимларни хавотирга солди 

Олимлар хавотирига кўра, инсон илгари бутунлай табиий бўлган жараёнларга, масалан, тоғ жинсларининг шаклланишига таъсир кўрсатмоқда. 

Фото: phys.org

Атлантика океанидаги Триндади вулқон оролида пластик ифлосланишдан ҳосил бўлган жинслар топилди. Бу ҳақда бразилиялик геолог олим аёл Фернанда Авелар Сантуш хабар берди. 

У пластик жинсларни биринчи марта 2019 йилда, бутунлай бошқа мавзу - кўчкилар, эрозия ва бошқа геологик хавфлар бўйича докторлик диссертацияси учун тадқиқот мақсадида оролга борганида топган эди. 

Сантуш йўқолиб кетиш хавфи остида турган яшил тошбақалар учун дунёдаги энг катта кўпайиш жойи бўлган Turtle Beach деб номланувчи қўриқхона яқинида ишлади. У ерда ғайритабиий кўк-яшил тошларнинг катта қатламига дуч келди. Лабораториясига бир нечта намуналар олди. Таҳлилдан сўнг, намуналар янги таркибий қисм: пластмасса қолдиқларидан шаклланган тошлар экани аниқланди. 

«Хулоса шуки, одамлар энди геологик агент вазифасини бажариб, илгари бутунлай табиий бўлган жараёнларга, масалан, тоғ жинсларининг шаклланишига таъсир кўрсатмоқда. Бу бугунги кунда олимлар кўп гапирадиган Антропоцен концепциясига мос келади: сайёрадаги табиий жараёнларга инсон таъсирининг геологик даври», деди Фернанда Авелар Сантуш. 

Бу кашфиёт олимни хавотирга солмоқда. У Триндади оролини жуда гўзал деб таърифлайди. Тропик орол кўплаб денгиз қушлари, балиқлар, деярли йўқ бўлиб кетган қисқичбақалар, яшил тошбақалар учун бошпанага айланган. 

Тадқиқотларини давом эттирар экан, у шунга ўхшаш пластик тошлар аввалроқ Ҳавайи, Буюк Британия, Италия ва Япония каби жойларда 2014 йилдаёқ топилганини аниқлади. «Аммо Триндади ороли пластик тошлар топилган сайёрадаги энг чекка жой», дейди Сантуш. 

Геолог ва унинг жамоаси бутун дунё бўйлаб топилган янги «тоғ жинслари»ни бир неча турга ажратди: чўкинди жинсларга ўхшаш «пластигломерат», синган жинсларга ўхшаш «пиропласт» ва илгари номаълум бўлган «пластостон». 

Триндади оролида топилган тошларнинг асосий таркибий қисми балиқ ови тўрларининг қолдиқлари эди. Аммо океан оқимлари бутун дунёдан оролга жуда кўп шиша, маиший чиқиндилар ва бошқа пластик қолдиқларни олиб келган. 

Энди геолог тоғ жинслари парчаланиши натижасида микропластмассалар атроф-муҳитга кириб, оролнинг озиқ-овқат занжирини янада ифлослантиришидан қўрқмоқда. 

«Денгизнинг ифлосланиши тошлар ва чўкиндиларни тушуниш парадигмасининг ўзгаришига олиб келади. Ҳозирги вақтда инсон аралашуви шунчалик кенг тарқалганки, аслида нима табиий ва нима сунъий эканини аниқлаш ҳам қийин бўлиб қолди», деди у. 

Top