14:28 / 26.03.2023
49738

«Манҳофф архиви»: АҚШнинг СССРдаги элчихонаси ходими жосус бўлганми?

1954 йилда АҚШнинг Москвадаги элчихонаси ходими Мартин Манҳофф жосусликда айбланади. Дахлсизлик мақомига эга бўлган дипломатни жазолаш мумкин эмасди. Шу сабабли у мамлакатдан чиқариб юборилади. Кўп ўтмай «Труд» газетасида Манҳоффнинг жосус бўлгани ҳақида мақола эълон қилинади. Бироқ унинг СССРда жосуслик қилгани ҳақида жиддий далиллар йўқ эди. Манҳофф АҚШга қайтгач оддий ҳаёт кечиради ва барчанинг эсидан чиқиб кетади. Вафотидан сўнг 2016 йилда уйидан топилган архив туфайли у омма орасида машҳур бўлади.

Фото: .rferl.org

Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг Ҳитлер Германиясига қарши курашда иттифоқчи бўлган СССР ва АҚШ ўртасидаги кескин рақобат бошланади. Ҳар икки давлат Европа ва Осиёдаги турли ҳудудларни ўз таъсир доирасига олиш учун жиддий рақобатлаша бошлайди.

Уларнинг бевосита аралашуви билан Хитой, Корея яримороли, Ҳиндихитой ва Шарқий Европада турли қуролли можаролар бўлиб ўтади. Охир-оқибат Германия ва Корея яримороли иккига бўлинади. Хитойдаги фуқаролар урушида СССРнинг қўллови билан коммунистларнинг қўли устун келади.

Шундан сўнг ҳар икки давлат жосуслик ўйинларига зўр беради. КГБ АҚШ ва Европа давлатларидан, МРБ эса СССРдан ўзига жосуслар ёллай бошлайди.

Бу рақобатда аксарият ҳолларда катта пул, бахтли ҳаёт ваъда қилган МРБ ғолиб келади ва совет жосуслари Ғарбга қочиб ўта бошлайди. Айниқса Сталин ўлгач қочиш авж олади. Унгача шафқатсиз Лаврентий Берия бунга йўл қўймаганди.

Сталин вафотидан кейин жосуслик билан боғлиқ биринчи шов-шувли можаро АҚШ элчихонаси ходими туфайли келиб чиқади.

1954 йилда АҚШнинг Москвадаги элчихонаси ходими майор Мартин Манҳофф СССРда жосусликда айбланади. Майор дипломат сифатида дахлсизлик мақомига эга бўлгани учун советлар уни маҳкамага тортиб, суд қила олмасди. Шу сабабли Манҳофф мамлакатдан мажбурий тарзда чиқариб юборилади.

Фото: .rferl.org

Мартин Манҳофф ким эди?

Мартин Манҳоффнинг таржимаи ҳоли ҳақида маълумотлар жуда кам. У 1917 йилда туғилган ва 2005 йилда вафот этган. Омма 2016 йилгача Манҳофф ҳақида ҳеч нарса билмасди. Ўша йили унинг уйидан СССРда ишлаган пайтида олинган фотосуратлар ва Сталиннинг дафн маросими тасвирланган рангли видео топилади.

Шундан сўнг Манҳофф ҳақида бутун дунё хабар топади ва у машҳур бўлиб кетади. Унгача АҚШнинг СССРдаги элчихонаси собиқ ходимининг ҳаёти билан ҳеч ким қизиқмаган. Унинг ўзи ҳам омма эътиборидан четда яшаган.

Манҳофф иккинчи жаҳон урушигача Вашингтон университетида санъат йўналиши бўйича ўқиб, бакалавр дипломини олади.

Уруш бошлангач у ҳарбий хизматга кетади ва АҚШ армияси сафида Европада фашистлар Германиясига қарши жангларда қатнашади. Кейинчалик Манҳофф майор унвонини олади.

Мартин Манҳофф, иккинчи жаҳон уруши пайтида.
Фото: rferl.org

1952 йил февралда Манҳоффни АҚШнинг Москвадаги элчихонасига ҳарбий атешше сифатида ишга юборишади. Ўша пайтда Американинг СССРдаги элчихонаси Кремл яқинидаги «Национал» меҳмонхонасида жойлашганди. Унинг деразаларидан Қизил майдон ва Кремлга кириб чиқадиган асосий йўл яққол кўриниб турарди.

Манҳофф жосус бўлганми?

Кейинчалик Манҳофф вафот этганидан сўнг унинг уйидан топилган ёзувларга кўра у СССРга ишга юборилгунча МРБнинг қисқа курсларида ўқиган. Криптография, фото ва киноаппаратлар билан ишлашни ўрганган.

СССРга рафиқаси Жен билан бирга келган Манҳофф Москвада жами икки йил уч ой (27 ой) ишлайди. Шу даврда у хотини билан СССР бўйлаб кўп маротаба саёҳатлар қилади.

Мартин Манҳофф хотини Жен Манҳофф билан.
sjpt.org

Жен эри билан Москвада яшаган пайтда танишларига юборган мактубида шундай деганди:

«Руслар билан тўғридан тўғри алоқа боғлашнинг, уларга яқинлашишнинг иложи йўқ. Биз фақат дўконларда хизмат кўрсатувчи ходимлар ва сотувчилар билан тўғридан тўғри гаплаша оламиз. Руслар билан фақат поездларда узоқ сафарларга чиққанда бемалол суҳбатлашиш мумкин. Бироқ бегоналар олдида улар очиқ, ошкора гапирмайди».

Манҳофф хотини билан бирга бир нечта иттифоқдош республикалар пойтахтларида, жуда кўп шаҳар ва қишлоқларида бўлади. У саёҳатлар давомида доимо рангли тасвирга оладиган фотоаппарат билан юради.

Жумладан, у бир неча марта Ленинградга, Киевга ва бошқа шаҳарларга боради. Манҳофф хотини билан ҳатто Шимолий муз океани қирғоғидаги Мурманск шаҳрига ҳам саёҳат қилади.

Бундан ташқари, Манҳофф икки марта Транссибир темирйўли орқали Хакасияга, ундан ўтиб Хабаровскгача бориб келади.

Манҳофф олган фотосурат. СССРдаги бозорлардан бири.
Фото: rferl.org

Советлар аввалига Манҳоффнинг иттифоқ бўйлаб суратлар олиб юришига индашмайди. Кейинчалик вазият ўзгаради ва уни жосусликда гумонлашади. Мақсад шу йўл билан Манҳоффни СССРдан чиқариб юбориш эди.

КГБ ходимлари Манҳоффни айнан Хабаровскдан қайтишида жосусликда айблаб ушлашади. Ўшанда унинг ёнидан жуда кўп объектларнинг номлари ва манзили ёзилган ёндафтарчаси чиқади. Бироқ бу уни жосусликда айблаш учун асос бўлолмасди.

КГБ ходимлари Манҳоффни элчихона ходими сифатида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлгани учун маҳкамага торта олмайди. Шу сабабли СССРда «Персона нон грата» - исталмаган шахс деб эълон қилинади ва мажбурий тарзда мамлакатдан чиқариб юборилади.

Ўша пайтда АҚШ ҳукумати Манҳоффнинг жосусликда гумонланиши ва СССРдан чиқариб юборилиши масаласида ҳеч қандай изоҳ бермайди.

Манҳофф олган фотосурат. Москва, Қизил майдон яқинидаги кўча.
Фото: rferl.org

Манҳоффнинг кейинги ҳаёти

Манҳофф АҚШга қайтгач МРБга ишга киришга ҳаракат қилади. Бироқ АҚШ разведка бошқармаси уни ишга олмайди. Аксинча, уни ҳарбий хизматдан бўшатишади.

Шундан сўнг Манҳофф хотини билан Сиэтл шаҳрига кўчиб ўтади ва дўкон очиб савдо қила бошлайди. Кейинчалик у дўкондорликни йиғиштириб бир муддат солиқчи бўлиб ишлайди.

Манҳофф СССРдан чиқиб кетиш пайтида фото ва киноплёнкаларни ўзи билан бирга олиб кетади. Кейинчалик у фотосуратларни чиқаради ва уларни уйда сақлайди.

Манҳофф олган фотосурат. Москва кўчасидаги милиционер немислардан олинган BMW мотоцикли билан.
Фото: rferl.org

Афтидан Манҳофф ўзидаги ноёб кадрлар ҳақида МБРга хабар бермаган. Акс ҳолда разведка бошқармаси суратларни ундан олиб қўйиши аниқ эди.

Мартин Манҳофф 2005 йилда, рафиқаси Жен Манҳофф 2014 йилда вафот этади.

Дуглас Смит ва ноёб кадрларнинг топилиши

Манҳофф ва унинг хотини вафот этгач, уларнинг уйи Женнинг дугонаси ихтиёрида қолади.

2016 йилда аёл уйни кўздан кечирганда Манҳоффлар узоқ йиллардан буён ҳеч нарсани ташлаб юбормагани ва сақлаб келаётгани маълум бўлади. Шунингдек, Манҳофф эгалик қилган гараждан ҳам жуда кўп ҳужжатлар ва фотосуратлар топилади.

Шундан сўнг Женнинг дугонаси Манҳоффнинг хонадонидаги ортиқча нарсаларни чиқариб ташлашдан аввал улар орасидан қимматлиларини ажратиб олиш учун АҚШлик таниқли тарихчи олим Дуглас Смитни таклиф қилади.

Дуглас Смит Россия ва СССР ҳақида бешта китоб муаллифи бўлиб, у совет тарихини пухта ўрганган олим ҳисобланади.

Тарихчи олим Дуглас Смит.
Фото: ibrusec.pro

Смит АҚШ, Буюк Британия ва Европанинг бошқа давлатлари олий таълим муассасаларида лекциялар ўқиган, 1980-1988-йиллар оралиғида АҚШни бошқарган Роналд Рейген маъмурияти даврида давлат департаментида таржимонлик қилган эди.

Дуглас Смит Манҳоффнинг уйини кўздан кечирар экан, қоғозлар орасидан кўплаб фотосуратлар чиқади. Уларнинг бир қисми СССРнинг турли ҳудудларида олинган эди. Суратларнинг ёнида киноплёнка ҳам топилади.

Смит киноплёнкани томоша қилганида унда Сталин вафот этганидан сўнг Москвадаги Қизил майдонда ўтказилган дафн маросимининг тасвирлари борлигини кўради.

Манҳофф олган фотосурат. 1953 йил Сталин вафот этган сана, Қизил майдон.
Фото: rferl.org

Смитни фотосуратларнинг рангли экани ажаблантиради. Чунки 1950-йиллар бошларида, рангли суратга оладиган фотоаппаратлар ҳали АҚШда жуда камёб, СССРда эса умуман бўлмаган.

«Ўтган йил ёзда Манҳоффнинг рафиқаси вафот этганидан сўнг, мени унинг уйига боришга ва у қимматбаҳо нарсалар қолдирганми-йўқми шуни аниқлаб беришга таклиф этишди. Мен Манҳоффнинг уйидаги нарсалардан ҳайратда қолдим. Сўнгги бир неча ой давомида мен фотосуратлар ва фильмларни рақамлаштириш, тартибга солиш билан шуғулландим. Манҳоффнинг уйидан топган нарсаларим орасида бир пайтлар АҚШ элчихонаси жойлашган «Национал» меҳмонхонаси деразасидан тасвирга туширилган, Сталин дафн маросимининг 15 дақиқалик рангли видеоси ҳам бор эди. Бундан ташқари, Москва, Ленинград, Мурманск, Ялта кўчаларида ва Транссибир темирйўли бўйлаб жойлашган жойлардан олинган минглаб рангли фотосуратлар бор эди», деб ёзади Смит.

Фотосуратларнинг айримларида, қоғознинг орқа томонига унинг қаерда олингани ёзилганди.

Манҳофф олган фотосурат. Қизил майдон.
Фото: rferl.org

Манҳоффнинг архивидаги 16 миллиметрлик киноплёка энг ноёб ҳисобланади. Унда Қизил майдонда Сталиннинг вафоти муносабати билан ўтказилган дафн маросимининг тасвирлари бор.

Манҳофф ўз эсдаликларида ёзишича, Сталин вафот этгандан сўнг советлар хорижий элчихоналар ходимларига кўчаларга бемалол чиқиш, мамлакат бўйлаб саёҳат қилишга бир муддат рухсат беришган.

У бундан фойдаланиб Сталиннинг дафн маросимини киноплёнкага тасвирга туширган. Бундан ташқари, Манҳофф хотини билан янада кўпроқ саёҳатга чиқиб, СССРнинг турли жойларида кўпроқ фотосуратлар олган. Улар Женнинг онаси туғилган Украинага бир неча маротаба боришган.

Манҳофф олган фотосурат. Киевдаги марказий телеграф биноси.
Фото: rferl.org

1953 йил 10 август куни Жен Манҳофф яқинларига юборган мактубида шундай ёзганди:

«Азизлар, бу ерда содир бўлаётган воқеаларни сизларга етказиб туриш бўйича барча режаларимиз барбод бўлди. Совет янгиликлари бир неча ойдан буён дунё газеталарининг биринчи саҳифасидан тушмаяпти. АҚШ матбуотида берилаётган турли хабарларни ўқиб сиз мендан кўпроқ нарсани билсангиз керак. «Қотил шифокорлар», Сталиннинг ўлими, тарихий дафн маросими – бу ерда жуда кўп ҳодисалар содир бўлди. Биз янгиликларни ўз вақтида жўнатишга улгуриш учун таътил сўрамоқчимиз».

Дуглас Смит Манҳофф архивини ўрганар экан, у жосуслик эмас, фотографлик қилганини ва ўзидан жуда қимматли мерос қолдирганини қайд этади.

«Манҳофф жосус бўлмаган. Уни совет ҳаёт тарзининг орқа фони – ёритилмайдиган қисми кўпроқ қизиқтирган. Агар у жосус бўлганида ноёб фотосуратлар ва Сталиннинг дафн маросими тасвирланган киноплёнка унинг уйида сақланмаган бўларди», дейди олим.

Манҳофф олган фотосурат. Москва шаҳри кўчаларидан бири.
Фото: scoopnest.com

Манҳоффнинг уйидан топилган ҳужжатлар туфайли собиқ элчихона ходими жосуслик билан шуғулланмагани, советлар уни ноҳақ айблашгани ойдинлашади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top