Жаҳон | 12:48 / 27.03.2023
11886
3 дақиқада ўқилади

Прогноз: 2050 йилда дунё аҳолиси сони энг юқори кўрсаткичга чиқиши мумкин

Фото: Getty Images

Рим клубининг Earth4All моделига кўра, аҳоли сонининг энг юқори кўрсаткичлари БМТ кутганидан паст бўлиши мумкин. Ривожланиш тенденциялари давом этса, бу кўрсаткич 2050 йилда 8,6 миллиардга етиши мумкин

Агар ҳозирги ривожланиш тенденциялари давом этса, дунё аҳолиси 2050 йилда 8,6 миллиардга етиши ва 2100 йилга бориб 7 миллиардга тушиши мумкин. Бу ҳақда 27 март, душанба куни Британиянинг New Scientist журнали хабар берди. У Рим клуби халқаро жамоат ташкилоти ташаббуси доирасида ишлаб чиқилган Earth4All модели маълумотларига таянган. 

Шу билан бирга, 2100 йилга бориб тахминий кўрсаткич бошқа прогнозларга қараганда 2-3 миллиардга кам. 

Агар расмийлар қашшоқлик ва тенгсизликни камайтиришга сармоя киритса, 2040 йилда 8,5 миллиардлик энг юқори кўрсаткичга эришилади, 6 миллиардга пасайиш эса аср охирига бориб кузатилади, дейди экспертлар. 

«Рақамлар илгари ўйлагандек қўрқинчли бўлмаса ҳам, бу бизда муаммолар йўқлигини англатмайди», — деди Earth4All ҳисоботи муаллифларидан бири Бениамино Каллегари. 

2022 йилнинг ёзида БМТ ўз ҳисоботини эълон қилди, унга кўра, 2080 йилга бориб аҳоли сони 10,4 миллиардга етади. 2022 йил ноябрь ойида БМТ маълумотларига кўра, дунё аҳолиси 8 миллиарддан ошиб кетди. 

«Биз биламизки, паст даромадли мамлакатларда жадал иқтисодий ривожланиш туғилиш даражасига катта таъсир кўрсатади», деди Earth4All лойиҳаси менежери Пер Эспен Стокнес. «Қизлар таълим олиш имконига, аёллар иқтисодий ёрдамга ва яхши соғлиқни сақлаш хизматидан фойдаланиш имконига эга бўлганда, бу пасаяди», дея қўшимча қилди у. 

Аввалроқ БМТ 8 миллиардлик кўрсаткич ортда қолдирилганини изоҳлар экан: «Бу мисли кўрилмаган ўсиш соғлиқни сақлаш, овқатланиш, шахсий гигиена ва тиббиёт соҳаларининг яхшиланиши ҳисобига ўртача умр кўриш давомийлигининг босқичма-босқич ўсиши билан боғлиқ», деб таъкидлаган эди. «Бу, шунингдек, айрим мамлакатларда туғилишнинг юқори ва барқарорлиги натижасидир», дея қўшимча қилди ташкилот. 

Мавзуга оид