15:52 / 29.03.2023
3590

АЭХА бош директори Запорижжя АЭСга борди

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэл Гросси Запорижжя АЭСга (ЗАЭС) етиб борди. Бу ҳақда Украинанинг «Энергоатом» энергетика компанияси Telegram’да хабар берди. 

Фото: AP

Бу АЭХА раҳбарининг Украина ва Европадаги энг йирик атом электр станциясига у Россия Қуролли кучлари томонидан босиб олинганидан бери иккинчи ташрифидир, дейилади компания хабарида

Гросси ЗАЭСдаги вазият қандай ўзгарганини баҳолашни, уни бошқараётган ядро соҳаси олимлари билан мулоқот қилишни, шунингдек, 2022 йил сентябр ойидан буён заводда ишлаётган АЭХА доимий миссияси аъзолари ротациясининг кафолати бўлишни режалаштирмоқда.

Бундан олдин Россия Украинани атом электр станцияларига ҳарбий техника жойлаштиришда айблаганидан сўнг, АЭХА Украинадаги барча атом электр станцияларида кенг қамровли текширув ўтказиб, уларда ҳеч қандай қурол топилмаганди

АЭХА раҳбари Рафаэл Гроссининг сўзларига кўра, агентлик атом электр станцияларидаги хавфли ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўйича айбловларни иккинчи марта фош қилмоқда. Биринчи бундай эпизод Россия Украинани «ифлос бомбалар» тайёрлаганликда айблаганида содир бўлди, деб эслади у. Ўшанда АЭХА инспекторлари ҳам шошилинч текширув ўтказиб, «барча радиоактив моддалар ўз ўрнида ва бундай тахминларга асос йўқ» деган хулосага келишди.

Киев таклифига кўра, АЭХА инспекторлари Украинанинг барча бешта атом электр станцияларида, жумладан Чернобилда доимий бўлиб, уруш вақтида техник ёрдам кўрсатяпти. Агентликнинг навбатдаги мақсади Запорижжя АЭС атрофида ва унинг ёнида хавфсиз ҳудуд яратиш, деди Гросси. У бу ҳақда Украина ва ЗАЭС ҳудудини эгаллаб олган Россия билан музокаралар олиб бормоқда, у бу мулоқотни ядровий хавфсизлик муаммосини сиёсий ечимга умид берувчи кўприк деб атади.

 

Top