Жаҳон | 09:20 / 30.03.2023
5214
2 дақиқада ўқилади

«ФСИН» «Ростех»га маҳбуслар хизматларини таклиф қилди

Давлат корпорацияси таркибига кирувчи корхоналар «ФСИН»ташаббусини кўриб чиқади. Маҳкумларни мутахассисликлар бўйича ишга олиш мумкин, деб ёзади «Коммерсант».

Фото: vedomosti.ru

Январь ойида Федерал жазони ижро этиш хизмати раҳбари Аркадий Гостев «Ростех» бош директори Сергей Чемезовга мактуб йўллаб, унда маҳкумлар меҳнатини давлат корпорацияси эҳтиёжлари учун маҳсулот ишлаб чиқариш ва етказиб беришга жалб қилишни таклиф этган. Бу ҳақда 29 март, чоршанба куни «Коммерсант» газетаси хабар берди.

Давлат корпорацияси таркибига кирувчи корхоналар «ФСИН»нинг таклифини кўриб чиқади. Газетанинг «Ростех»даги манбаси «[маҳбуслар] ишчи кучи ракеталар ёки самолётларни йиғишда бевосита иштирок этмаслигини, бироқ ҳамкорлик вариантлари кўп соҳаларда ишлаб чиқилаётганини» айтди.

Маҳбуслар юқори малака талаб қилмайдиган ишга жалб этилиши мумкин, дейди «Коммерсант» суҳбатлашган экспертлар. Масалан, таъминот идишлари ёки махсус кийимлар етказиб бериш, объектларни қуришда иштирок этиш. Маҳкумларнинг хизматларидан авиация саноати ёки телекоммуникация соҳасида якуний маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланилиши даргумон. Аммо ускунанинг таркибий қисмларини ишлаб чиқариш учун бундай сценарий амалга ошиши эҳтимолдан йироқ эмас, аёллар меҳнати ҳам талабга эга бўлиши мумкин.

2017 йилда биринчи марта «Ростех» «ФСИН» билан келишилган ҳолда суд томонидан айблов ҳукми чиқарилган шахсларни иш билан таъминлаш ниятида эканлиги маълум бўлди. Давлат корпорацияси таркибига кирувчи «Уралвагонзавод» (УВЗ)да бир қатор ишчи мутахассисликлари (токарлар, фрезерлар, бурғиловчилар, механик йиғувчилар ва бошқалар) бўйича 250 нафар маҳкумни иш билан таъминлаш режалаштирилган эди.

2022 йилда Адлия вазирлиги маҳкумларни қурол сақланадиган ёки ишлаб чиқариладиган ташкилотларда меҳнатга жалб қилишни тақиқловчи буйруқ чиқарди, деб ёзади «Коммерсант».

Мавзуга оид