16:27 / 31.03.2023
8020

Танзила Норбоева Сирдарёда учрашувлар ўтказди

Сенат раиси Сирдарё вилоятининг қатор шаҳар ва туманларида бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилган. 

Фото: Senat.uz

Сенат раисининг вилоятдаги учрашувлари Ховос туманининг Чаманзор маҳалласидан бошланган. У ерда республикада сўнгги йилларда ёшлар ва хотин-қизларга яратилаётган кенг имтиёз ҳамда имкониятлар, нуроний отахон ва онахонларга қилинаётган ғамхўрлик, маҳаллаларнинг йил сайин ортиб бораётгани, хусусан, янгиланаётган Конституцияда маҳаллага билдирилаётган юксак ишонч ва янги ваколатлар хусусида сўз юритилган.

Танзила Норбоева Чаманзор маҳалласи аҳолиси билан бирга “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Оналар боғи”даги кўчат экиш ишларида ҳам иштирок этган. Шундан сўнг тумандаги тадбиркорлик субъектлари, оилавий корхоналар фаолияти билан танишган. Бизнес вакиллари фаолиятини ривожлантиришда тўсиқ бўлаётган муаммоли масалалар юзасидан тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилиб, тадбиркорларни қийнаётган масалалар назоратга олинган.

Сенат раиси туманнинг Янгиер маҳалласида истиқомат қилувчи нуронийлар билан ҳам учрашган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар хонадонига ташриф буюрган.

Танзила Норбоеванинг навбатдаги учрашув манзили Янгиер шаҳрининг Давлатобод маҳалласи бўлди. У бу ерда Давлатобод, Юксалиш, Шодиёна, Маърифат маҳаллалари раислари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда профилактика инспекторлари билан мулоқот қилган. Мулоқотда янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини сезиларли даражада кенгайтириш, гендер тенглик масалалари, маҳаллага янги ваколатлар берувчи нормалар киритилганига эътибор қаратилиб, 30 апрелда бўладиган референдум барча учун муҳим сиёсий тадбир эканлиги айтиб ўтилган.

Сенат раиси Гулистон шаҳридаги Мономарказ, Гулистон давлат университети, дори-дармон ишлаб чиқаришга ихтисослашган фарм корхонада ҳам бўлиб, аҳоли вакиллари, талаба ёшлар, ишчи ходимлар билан суҳбатлашган.

  

Top