15:32 / 31.03.2023
28237

Трагедияни акс эттирган комедия – “Темир хотин” асари ҳақида

Шароф Бошбековнинг “Темир хотин” драмасини бутун ўзбек халқи яхши билади. Ўтган асрнинг 80-йилларида яратилган, ўз вақтида шов-шув бўлган, 20 дан ортиқ тилга таржима қилинган бу асар ҳозиргача севиб ўқилади. Асар асосида тасвирга олинган фильм мириқиб томоша қилинади.

Унинг бу қадар машҳурлашиши ва миллий драмамизнинг гултожи даражасига кўтарилишининг сабаби эса асар замирида ётадиган миллат фожиаси, аламли оғриқларининг акс этишидир.

Сюжет:

Асарнинг бош қаҳрамони Қўчқорвой бўлиб, у тракторчилик қилади. Айби – кўп ичиши. Ичиб олгач тўполон кўтаради. Кунора аҳвол шу. Ҳолат хотини ва бир нечта ҳамқишлоқлари мастлигида дарахтга боғлаб қўйиш даражасигача етиб боради. Асар воқеалари айнан шу ердан бошланади.

Эрининг бундай қилиқларидан безор бўлган хотини кетсам ўзгарар, деган хаёлда болаларини ота уйига олиб кетиб қолади. Бу орада Олимтой исмли олим жияни келиб қолади. У 7 йил давомида ихтироси устида ишлаб, робот, робот бўлгандаям аёл кўринишидаги роботни яратади. Бу кашфиётини синовдан ўтказиш мақсадида қишлоққа, Қўчқорвойнинг уйига олиб келади. Бу роботдан пахта териш машинаси ўрнида фойдаланиш кўзланган эди.

Орада кўп ҳангомалар бўлиб ўтади. Олимтой ҳар қанча тушунтиришга ҳаракат қилмасин, Қўчқорвой роботнинг роботлигига моҳиятан ҳеч тушунолмайди. Шунинг учун бу темирга уйланмоқчи бўлади, ҳатто никоҳ ҳам ўқитади(!)

Аломатхон исмли робот бир муддат Қўчқорвойнинг уйида “хотин”лик вазифаларини бажариб юради: супур-сидир, пишир-куйдир, мол-қўйга қараш, кир-чирни ювиш каби. Ниҳоят, синовга олиб чиқилгач, яъни пахта майдонига бориб пахта тергач Аломатхон тутаб кетади ва бутунлай ишдан чиқади.

Робот билан бир муддат яшаган Қўчқарвой бу орада кўп нарсага тушуниб етади. Оз бўлса-да ўзгаради. Хотини ҳам қайтиб келади ва илгаригидек яшаб кетишади.

Таҳлил: Асарнинг кульминация қисми Аломатхоннинг Қўчқорвойни гипноз қилиш жараёнида яширинган:

“АЛОМАТ: Йиғлайсиз... (Қўлларини унинг боши узра ҳаракатлантириб.) Йиғлайсиз... Чунки жуда эзилгансиз... Юрагингизга қил ҳам сиғмайди... Ич-ичингиздан бир нима тошиб келяпти... Ҳеч кимнинг раҳми келмайди, биров дардингизга шерик ҳам бўлмайди... Ўз ёғингизга ўзингиз қовурилиб яшаяпсиз... Афт-ангорингизга бир қаранг, қирққа кирган қирчиллама йигитсиз-у, кўрган одам сизни элликдан ошган, деб ўйлайди.

Қуриб-қақшаб боряпсиз... Эсингизни танибсизки, тинмай меҳнат қиласиз, лекин ҳеч бирингиз икки бўлмайди. Рўзғор, бола-чақа ташвиши, дейсиз, афсуски, бу ташвишларнинг чеки йўқ. Эрталабдан-кечгача чумолидай ғимир-ғимир қиласиз-у, роҳатини кўрмайсиз. «Пахтакорман» деб кўкрагингизга муштлайсиз-у, кўрпангизга пахта тополмайсиз!

Кийиб олган кийимингизни қаранг, енгил саноат етиштираётган ҳамма брак маҳсулот сиз ва сизга ўхшаганларга насиб қилади. Манави нима? Шу иссиқда ким нейлон кўйлак кияди?

ҚЎЧҚОР: Магазинга келган экан, арзонгина деб...

АЛОМАТ: Бу дунёга келиб нима кўрдингиз, Қўчқор ака? «Икки марта Тошкентга борганман» деб мақтанасиз, одамлар «Оқ денгиз-у Қора денгиз» қилиб юришибди! «Ҳа энди, улар бошқача одамлар-да» дейсиз. Қанақа бошқача? Нимаси бошқача? Наҳотки, оддийгина инсоний ғурур бўлмаса?! Шу даражага етгансизки, бора-бора ундайларга ҳавас ҳам қилмай қўйгансиз! Ҳавас қилавериб, орзу қилавериб чарчагансиз, ҳолдан тойгансиз!

Қадр-қиммат-чи? Мен одам эмасман, лекин шуларни ўйлайвериб-ўйлайвериб, ичимдаги мурватларим қизиб кетяпти! Менчалик ҳам эмасмисиз, Қўчқор ака?! Бирон тирик жон сиз билан ҳисоблашадими? Бировга гапингиз ўтадими? «Шудгорни бошла» деса бошлайверасиз. «Ҳали ер қуримаган, лой-ку» деёлмайсиз! Тўй-маъракаларда пойгакда ўтирасиз! «Улуғларга» тайёрланган дастурхонга яқинлашолмайсиз! Жойингизни билиб ўтиришга мажбурсиз, чунки «меҳнаткаш» деган мансаб билан тўрга чиқолмаслигингизни яхши биласиз!

Шляпа кийиб, галстук таққан кетмондаста ҳам сизни ҳақоратлаши, таҳқирлаши мумкин! Алам қилмайдими?

ҚЎЧҚОР: ҳа, энди, раҳбар бўлганидан кейин койийди-да...

АЛОМАТ: байрам кунлари райондаги намойишдан байроқча кўтариб ўтганингизга хурсанд бўлиб юраверасиз! Мажлисларда қўл кўтариш-у чапак чалишни биласиз, бошқа ҳеч балони ҳал қилмайсиз! Кўпинча ўша мажлисда нима ҳал бўлаётганини ҳам тушунмайсиз!

Энди бор умидингиз болаларингиздан, уларни ўқитиб «катта одам» қилмоқчисиз. Лекин уларингиздан «катта одам» чиқмайди. Қишин-ёзин даладан бери келмайдиган, чаласавод болалардан ҳеч бало чиқмаслигини биласиз. Фарзандларингизнинг ўзингизга ўхшамаслигини истайсиз, демак, ўзингизнинг кимлигингизни ҳам биласиз! Ақлингиз етади! Лекин яна «кўпга келган тўй» деб юраверасиз! Ахир, умр ўтиб кетяпти-ку, Қўчқор ака!

ҚЎЧҚОР: (кўнгли тўлиб). Барибир йиғламайман!.. Яхши яшаяпмиз, билдингизми!..

АЛОМАТ: йиғлайсиз... Ана, кўнглингиз тўлиб турибди... Лабингизни тишламанг, Қўчқор ака, фойдаси йўқ. Ахир, ёш кўздан чиқади, оғизданмас...

ҚЎЧҚОР: (йиғлагудек бўлиб). Биров сизга ҳаётидан нолияптими?!

АЛОМАТ: ҳамма гап шунда-да — нолимайсиз. Кўникиб кетгансиз. Яралар тошга айланган — оғриқ сезмайди. Дод солиб бақириш-ку қўлингиздан келмас, ҳечқурса инграб қўйишга ҳам қодир эмасмисиз, Қўчқор ака? «Ҳаёт деганлари шунақа бўлар экан» деб умрингизни ўтказяпсиз. Қалбингизнинг унут бўлиб кетган, ўзингиз ҳам билмайдиган аллақайси бурчакларида милтиллаётган ушоққина норозиликдан қўрқасиз, уяласиз, уни сезмасликка оласиз! Тўғри, қадр-қимматингиз ошкора ҳақоратланганида ўша милтиллаётган чўғ аланга олгандай бўлади ва сиз уни ароқ билан ўчиришга уринасиз. Дунёга ширакайф кўзлар билан қараб таскин топасиз, бир қадар юпанасиз ҳам.

Лекин эртаси куни кайфингиз тарқаб, дунё яна асл ҳолига қайтади! Шунда ўзингизни қўярга жой тополмайсиз, ҳадсиз-ҳудудсиз оламда муштдеккина жуссангизни қўйгани жой йўқ! Сўнг йиғламоқдан ўзга чорангиз қолмайди ва ўксиб-ўксиб йиғлайсиз...

ҚЎЧҚОР: (кўзларида ёш ўйнаб) ёл-ғо-он!.. Мен ҳеч қачон йиғламаганман!..

АЛОМАТ: йиғлагансиз. Фақат кўзингизнинг нариги томони билан йиғлагансиз. Кўз ёшларингиз ташқарига эмас, ичингизга оққан. Мана, менинг ичим тўла темир-терсак, сизнинг вужудингиз эса фақат ва фақат кўз ёшидан иборат. Лим-лим ёш...

ҚЎЧҚОР: (баралла йиғлаб юборади, сапчиб туриб оёғи остидаги қутини зарб билан тепади). Э, падарига лаънат ҳаммасининг!!!”

Муаллиф халқнинг ҳамма дардини, дод-фиғонини, аччиқ аламларини айнан шу гипнозда кўтариб чиқади. Китобхон ўйга толади: Аслида робот ким? Аломатхонми ёки Қўчқорвой ва унга ўхшаган меҳнаткашларми? Ахир ишла деса ишлайдиган, пахта конида туриб ўзига пахта топилмайдиган ва бу учун лом-мим деёлмайдиган, ҳақ-ҳуқуқини талаб қилолмайдиган кимсаларнинг роботдан нима фарқи қолади?

Тузумдан, жамиятдан норозилигини ушоқча бўлсин билдиролмайдиган, “сен яхши яшаяпсан” деса, “мен яхши яшаяпман экан” деб кетаверадиган, тепадан қандай сиёсат келса, шунга оғишиб кетаверадиган халқнинг роботдан нима бўлакча хусусияти, фазилати бор?

Аломатхонга турли кассеталар ўрнатилади ва шунга қараб унинг феъл-атвори белгиланади. Бири қўйилса, қарғовчи жоҳил, бирида “ўйин-кулги” қиладиган, бирида зўравон, бирида мулойим аёл образларига киришади. Яна битта кассета бор эдики, у ҳали синовдан ўтказилмаганди. Агар ўша қўйилса, робот ўйлай бошларди. Натижада, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишни бошлаши мумкин эди. Олимтой шундан қўрқиб бу кассета қўйилишини Қўчқорвойга тақиқлайди.

Бу билан муаллиф нима демоқчи? Кўп йиллар мобайнида “тепадагилар” миллатнинг ўй-фикрини, дунёқарашини, мафкурасини айни шу кассеталар сингари бошқариб келди. Ўзлари халқ тимсолида қандай образ истаса, ўша образли кассетани миллат онгига жойлаштирди. Лекин зинҳор ва зинҳор “ҳақ-ҳуқуқни талаб қилишга” чорловчи кассетани ўзлари ҳам қўймади, бошқалар қўйишига ҳам йўл бермади. Бу уларнинг манфаатига зид эди. Ахир, уларга айтганни қиладиган, қурсоқлари учун хизмат қиладиган тайёр роботлар жамланмаси керак эди.

Аломатхон тутаб кетгач Олимтой жаҳл билан Қўчқорвойга танбеҳ беради. Аломатнинг йўқ бўлишида Қўчқорвойни айбдор қилади.

ОЛИМЖОН: эрталабдан кечгача тинмади-я! Бир минут дам олгани йўқ, бечора, бир минут! Юв, тозала, тик, яма, супур! Бир чақирим наридан сув олиб келиб, кир ювади! Манави тезак ёқиладиган лаънати ўчоғингизда овқат қилади! Еб тўймайдиган очофат молларингиз бор: эрталабдан кечгача ўт бер, ем бер, сув бер! Хамир қоради, сигир соғади, куви пиширади! Э, бу уйингизнинг иши тугайдими ўзи, йўқми?!

Бундан ташқари, далага чиқади! Минг чаноққа минг эгилиб пахта теради! Қирқ-эллик кило нарсани кўтариб, хирмонга олиб боради! Ахир, бу дўзах азобларига қандай дош берсин, қандоқ чидасин?! (Меҳр билан.) Ахир, у темир-ку, Қўчқор ака, темир!.. Уни авайлаш керак, эҳтиёт қилиш керак!.. У ўзини ўйламайди, қийналиб кетдим, дейдиган тили йўқ. Индамас экан, деб эшакдай ишлатавериш керакми, ахир?! «Пақ» этиб жони чиқиб кетгунча эзавериш керакми?! Йў-ўқ, сиз юраги тош одамсиз, Қўчқор ака!

ҚЎЧҚОР: тавба... Аломатга бирон бир ортиқча юмуш буюрган бўлсам, тил тортмай ўлай... Нима иш қилиб қўйибди?.. Ҳали қаторлаштириб етти-саккизта болани туғиб қўйгани йўқ, кечалари ухламай бешик қучоқлаб чиққани йўқ, ҳар боласи билан минг бор касал бўлиб, минг бор соғайганиям йўқ... Ахир у битта ўзбек аёли қиладиган ишнинг ярмини қилди, холос-ку!.. Қанақасига мен ўлдирган бўлай?..”

Мана шу диалог замирида ўзбек аёлининг ҳақиқий характери, жафокашлиги кўринади. Шунча юмуш, шунча ташвишни биргина нозик ҳилқат, ниҳол қомат эгаси бўлмиш аёл қилади. Яъни ўзбек аёли. Қайси миллатда ўнтадан ошиқ туққан аёллар кўплигини эшитгансиз? Қайси миллат заифалари шунча ишни “ғиқ” демай бажаради? Аёлни заифа деймиз-у, лекин унга шунча машаққат юклаймиз. Ўзбек аёли шунча юмушдан ортиб, эрининг ўдағайлашини, қайнонасининг ғимир-симирини, боласининг ғингшишини, қўшниларининг пичир-пичирини кўтариши керак. Шундай катта, метн ирода соҳибаси аёл.

Агар озгина нолигудек бўлса ношукрга чиқади, ҳаққини талаб қиламан деса, “тили чиқиб қолган” бўлади. Ортиқча дам олгудек бўлса “танбал келин” деган ном олади. Унда ҳам кўнгил борлиги, асаблари чарчаши, жисми заифлашиши, кайфиятсиз бўлиши ҳисобга олинмайди. Ҳатто темир ярамай, тутаб кетган меҳнатларга ўзбек аёли ёнмаслиги, доим хизматга шай, “лаббай” деб туриши, ҳар ҳунарни қойиллатиши, еган нонини оқлаб қўйиши, қўйдек ювош бўлиши керак. Бундай онадан қандай фарзандлар етишиб чиқиши мумкин, деб ўйлайсиз?

Албатта, ювошгина, нима дейилса, “хўп” дейдиган, норозилигини билдиришга ботинмайдиган, ҳаётидан нолимайдиган, аммо кун кўрмайдиган Қўчқорлар етишиб чиқади. Биз аёлларимизни қадрламас, уларнинг заифалигини ҳисобга олмас, елкасидаги юкни кўтаришига ёрдам бермас ва маънан қўлламас эканмиз, келажагимиз буюк бўлишига умид ҳам қилмасак бўлаверади. Фарзандларимиз қачон биздан кўра бахтли бўлолади, қачонки аёлларимиз бахтли бўлса. Бола онасининг кўзида сўнгсиз чарчоқ, мунгни эмас, бахтни, келажакка умидни кўрсагина ўзини бахтли ҳис қилади.

Комедия бўлган, аслида ўзида трагедияни акс эттирган “Темир хотин” драмасидан менинг англаганларим шулар бўлди... 

Гуласал Қодирова, китобхон

Мавзу
Мутолаа завқи
Китоб мутолааси инсон руҳиятида ажиб ҳиссиёт, ўзгача қувват ва ички хотиржамлик беради. Бу саҳифадаги мақолалар сизни ана шундай мутолаа завқини ҳис қилишга ундайди.
Барчаси
Top