Жамият | 19:10 / 25.10.2025
8979
5 дақиқада ўқилади

Темир хотин ишдан чиқди, аёл чидаяпти: трагикомедия ҳақиқати

Робот хотин ишдан чиқди, яъни бузилиб қолди. Чунки у бир неча кун давомида ўзбек аёли умри давомида қилиб келган вазифаларни бажаришга уринганди. Ваҳоланки, робот ҳеч қачон чарчамаслиги, шикоят қилмаслиги керак эди. Шароф Бошбековнинг "Темир хотин" асари нафақат эзилган аёллар ҳаёти, балки бутун жамият тақдирини акс эттиради. "5 дақиқа"нинг навбатдаги сонида шу ҳақида гаплашамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қўчқор содда, қўрс, лекин кўнгли тоза инсон. Катта шоиримиз Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, “дунёни бир кўлмак ҳовуз деб билади”. Жуда тор қарашлари билан кўрганига, эшитганига ишониб яшаб юрган одам.

У маст бўлса, бутун маҳаллани оёққа турғазади. Қўчқор аёли Қумрининг юраги ҳақида ўйламайди. Қумри маҳалладошлар ёрдамида эрини дарахтга боғлаб қўяди.

Қумри меҳрсизликдан чарчаган. У ўзини эмас, оиласини, болаларини асраб қолиш учун отасиникига аразлаб кетади.

Бу саҳнада эр-хотин муносабати кулгили кўринса-да, аслида ўткир ижтимоий оғриқ ётади. Йиллар давомида йиғилган оғриқ, чарчоқ ва қадрсизлик бор.

Робот чарчамайди, шикоят қилмайди...

Олимжон ўзининг илмий ютуғи - аёл қиёфасидаги роботни олиб келади. Унга Аломат деб исм қўйишади. Олимжоннинг мақсади - инсон меҳнатини енгиллаштириш, аёлларнинг оғир юкини камайтириш. У Қўчқорга шундай дейди:

“Бу темир хотин, ишдан чарчамайди, шикоят қилмайди, оғриқ сезмайди, барча ишни сўзсиз бажаради”.

Қўчқор аввалига ишонмайди, кейин қизиқиш билан қабул қилади. Шу тариқа “Аломат” унинг уйига кириб келади - ҳеч қачон гап қайтармайдиган, ҳеч нарсадан шикоят қилмайдиган “мукаммал” хотин сифатида. Қўчқор Аломатни, яъни роботни “никоҳ”лаб олади.

Аломат ишга киришади: уйни тозалайди, кир ювади, молга қарайди, овқат тайёрлайди. Аммо унда ҳеч қандай иссиқлик, меҳр ва жон йўқ эди. Қўчқор илк кундаёқ унинг “совуқ қўлларидан” безовта бўлади. У шундай дейди:

“Хафа бўлманг-у, Аломатхон, шу, Қумрининг қўллари қадоқ босиб, ёрилиб кетган бўлсаям бир нимаси бор эди-да... Ўша нима экан-а?”

Аломат инсон ҳиссини англашга уринади. У Қўчқорни гипноз қилади, “йиғлаш”ни ўргатмоқчи бўлади. Қўчқор илк марта ўз дардини ҳис қилади: меҳнат, ҳақорат, қадрсизлик - бу фақат аёлларнинг эмас, бутун халқнинг, жамиятнинг оғриғи экани намоён бўлади. Аломат унга кўзгу тутади - катталарнинг ёнида бир марта минбарда ўтиргани, ҳурмат тахтасидаги сурати, Тошкентга боргани билан фахрланиш, тинимсиз меҳнат қилса-да, бири икки бўлмаётганини таҳлил қилиб беради. Қўчқор шу нуқтада портлайди.

У дош бермади...

Темир хотин ишдан чиқади. Зўриқиб бузилади.

Олимжон йиғлаб, “Сиз уни ўлдирдингиз!” дея Қўчқорни айблайди. Бир чақирим наридан сув ташийди, кир ювади, очофат молларингизни боқади, хамир қилади, тезак ёқиб таом тайёрлайди. Далага чиқади, пахта теради... уйингизда ҳеч қачон иш тугамайди. Ахир бу дўзах азобларига қандай чидасин?! Уни авайлаш керак, эҳтиёт қилиш керак!

Қўчқорнинг жавоби эса фалсафий:

“Аломат битта ўзбек аёли қиладиган ишнинг ярмини қилди, холос!”

Бу жумла бутун асар ғоясини ифода этади - ўзбек аёли темирдан ҳам бақувват.

(Афсуски, шундай ўйлаймиз, аслида улар бақувват эмас, шунчаки, чидашади...)

У қайтди...

Асар охирида Қумри қайтиб келади. Эрини яна боғланган ҳолатда кўради ва меҳр кўрсатади. Қўчқор шундай дейди:

- Кўзларинг нимадан ясалган, Қумри?

Бу сўз - инсон ва техника, муҳаббат ва совуқ ақл, тириклик ва темир ўртасидаги фалсафий чегара.

Шароф Бошбеков “Темир хотин” орқали илм ва техника ҳаётни енгиллаштирса-да, аммо меҳр-муҳаббат бера олмаслигига ишора қилади. Шу билан биргаликда ўзбек жамиятининг жуда катта фожиаси, турмуш тарзини очиб беради. Бу асарни ишонаманки, бир нафасда ўқийсиз ва жуда кўп нарса оласиз.

Ушбу китобни қуйидаги ҳавола орқали юклаб олиб, тўлиқ аудио шаклда эшитишингиз мумкин.

Исомиддин Пўлатов

Мавзуга оид