“Беш дақиқа” бу – ҳафталик видеолойиҳа. Ҳар бир сонида битта асарни муҳокама қиламиз. Мақсад фақатгина китобни тарғиб қилиш эмас, балки у орқали ҳаётни англаш, тафаккур қилиш, дунёга маърифат кўзи орқали қарашга интилишдир.

Китоб ўқишни қайта қадрлаш, ундаги маъноларни ҳаёт билан боғлаш – биз учун энг муҳим вазифа.

Бугун сиз билан муҳокама қиладиганимиз – Эрнест Ҳемингуэйнинг “Чол ва денгиз” асари.

Эрнест Ҳемингуэй – ХХ аср жаҳон адабиётининг буюк намояндаларидан бири. У нафақат ёзувчи, балки жангчи, саёҳатчи ва маҳоратли журналист сифатида ҳам тан олинади. Ҳар бир асарида ҳаётнинг оғриқли, чуқур ҳақиқатлари бор.

Унинг услуби кам сўзлайди ва кўп маъно беради. Айниқса, “Чол ва денгиз” ана шу услубнинг ёрқин намунаси.

Бу асар 1952 йили чоп этилган. Орадан бир йил ўтиб, Пулицер мукофоти, 1954 йилда Нобел мукофотига лойиқ кўрилди. Нобел бу асарни "инсон руҳининг юксак ифодаси" сифатида баҳолади.

85-кунингизни кутяпсизми?

Асарнинг бош қаҳрамони Сантьяго исмли чол. У Куба қирғоғидаги кичик қайиқда балиқ овларди. Ёлғиз ва муҳтож инсон. 84 кундан бери бирорта балиқ тутолмаган. Аммо 85-куни у яна денгизга чиқади.

Ўша куни у улкан марлин балиғи билан тўқнашади ва афсонавий курашини бошлайди. Балиқ осонликча таслим бўлмайди, чол ҳам бўш келмайди. Уларнинг кураши икки кун давом этади. Охир-оқибатда чол балиқни енгади. Уйга қайтар чоғида эса денгиздаги акулалар ҳужумига учрайди. Йиртқичлар балиқни бўлак-бўлак қилиб ейди. Қирғоққа етиб келганда эса, улкан балиқдан фақат суяк қолган эди.

Асарнинг асосий ғояси инсон мағлуб бўлиши мумкинлиги, аммо уни бутунлай тор-мор этиб бўлмаслиги ҳақида. Ҳеч қандай нутқда бу ибора айтилмаса-да, матндаги ҳар бир ҳаракатда бу мазмун яққол кўринади.

Биз ҳам қайиқдамиз...

“Чол ва денгиз” бу – фақат балиқчилар ҳикояси эмас. Бу ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги кураши.

Ҳар биримиз қайиқдамиз. Ҳар биримиз ўз "85-кунимиз"ни кутяпмиз - имконият келади ва у билан бирга синов ҳам келади.

Биз орзу қиламиз, курашамиз, етишамиз ва баъзан - қўлимизда ҳеч нарса қолмайди. Лекин курашлар ортидан катта тажриба, англанган ҳақиқатлар, ўзликни йўқотмаслик йўлидаги хулосаларимиз бизда қолади.