Ўзбекистон | 14:18 / 02.04.2023
21314
3 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: онасиз улғаяётган фарзанд

Тўйчибой ака ғарибгина кулбада ўғли билан яшайди. Мардикорлик қилиб кун кўрадиган ота зурриёти учун қўлидан келган барча ишни қилади. Ёлғиз ўғил Иқболжон 1-синф ўқувчиси. Онаси уни ташлаб кетган. Оила қозонида гўшт қайнамаган кунлар кўп бўлади. Гўшт ўрнига ота ўғли учун зовурдан балиқ тутиб келиб пишириб беради.

“Бешариқ туманининг Қорабўйин қишлоғида яшайман. Ёшим 56 да. Турмуш ўртоғим рўзғор камчиликлари, яшаётган уйимизда шароит йўқлиги учун 2 йил аввал бизни ташлаб кетган. Шундан бери ўғлим билан яшайман. Фарзандимга ҳам ота, ҳам онаман.

Мардикорлик қилиб кун кўраман. Қўшниларимнинг юмушини қилиб бераман, қудуқ қазаман, қурилиш ишлари ҳам қўлимдан келади. Иқболжон мактабдан келса уй эшигини очиб бериб яна ишга кетаман. Ўғлим қаровсиз қолмасин деб атай уйимга яқин жойлардан иш топишга ҳаракат қиламан.

Онасиз фарзанд катта қилиш жуда қийин. Ўғлим мактабдан келса овқат қилиш, уй супуриш, кийимларини ювиш керак бўлади. Айрим вақтлар бўладики, уй юмушларидан ортиб ишга чиқа олмайман. Вақти келиб ўғлимни ўқитиб, ишли қилсам дейман.

Ишимга қараб бир кунда 50-100 минг сўм пул топаман. Гоҳида иш бўлмай қолса овқат қилишга пул йўқлигидан нон-чой билан кунни ўтказамиз. Ака-укаларим бор. Лекин ўзларидан ортиб менга ёрдам бера олмайди.

Мардикорлик қилиб юриб пул жамғариб икки қўй олган эдим. Яқинда уларни сотиб бузоқ ва эчкига айлантирдим. Жониворларни парваришлаб сотиб янги иморат кўтармоқчиман.

Бу ҳаётда ёлғиз ўғлим суянчим. Мактабга кетса уй ҳувуллаб қолади. Қайтишини интиқлик билан кутаман. Онаси ҳар замон қўнғироқ қилиб фарзандининг ҳол-аҳволини сўраб туради. У бошқасига турмушга чиқиб кетган. Ўғлим бирор марта онасини соғингани ҳақида айтмаган.

Тонг саҳар уйғониб ўғлимга нонушта тайёрлайман. Кийинтириб сумкасига бир тўғрам нон солиб мактабга жўнатаман. Мактабдан уйга қайтиб келиш пайтида қаерда ишлаётган бўлсам-да уйга етиб келишга ҳаракат қиламан. Қўшнимга тайинлаб қўйганман. Ўғлим мактабдан қайтиши биланоқ менга бу ҳақда хабар бериб қўяди.

Уй эшигини очиб бериб қорнини тўйғазиб қўйиб яна ишга чиқиб кетаман. Келгунимча дарс қилади, дўстлари билан ўйнайди.

Ишлаб топган пулимдан орттириб вазиятга қараб 100 грамм бўлса ҳам гўшт олиб келиб едираман. Кўнгли тусаган егуликларни олиб келиб беришга ҳаракат қиламан.

Пулим йўқлигини айтсам тушунади. Рўзғорда гўшт бўлмай қолса зовурлардан балиқ тутиб келиб пишириб бераман. Онаси ташлаб кетганида ўғлим 6 ёшда эди”.

Тўйчибой Таваккаловга ёрдам бермоқчи бўлганлар учун карта маълумотлари:

UzCard: 8600 0609 3417  9111 TAVAKALOV TUYCHIBOY номида.

 Сарвар Зияев,
Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид