Жаҳон | 10:04 / 03.04.2023
11971
2 дақиқада ўқилади

Абрамович Путиннинг собиқ ўқитувчиси учун Исроилда квартира сотиб олган - ОАВ

Миллиардер квартирани сотиб олишда иштирок этганини тасдиқлади, бироқ буни Путиннинг эмас, балки яҳудийлар жамоасининг илтимосига кўра қилганини айтди.

Роман Абрамович / Фото: Reuters

2005 йилда россиялик миллиардер Роман Абрамович Россия президенти Владимир Путиннинг собиқ ўқитувчиси учун Тел-Авив марказидан квартира сотиб олган, бу ҳақда The Washington Post ва Халқаро суриштирувчи журналистлар консорциуми (ICIJ)нинг якшанба, 2 апрел куни эълон қилинган қўшма суриштирувида айтилади.

Мина Юдицкая-Берлинер Ленинграддаги 281-мактабда Путиннинг синф раҳбари ва немис тили ўқитувчиси бўлган. 2005 йилда президент у билан 1973 йилда СССРдан кўчиб кетган Исроилда учрашган.

Ўз сўзларига кўра, ушбу учрашувдан сўнг унинг олдига бир эркак келиб, Путин унга квартира сотиб олмоқчи эканлигини айтган. Бир неча ой ўтгач, битим тузилган. Президент номидан аниқ ким гапирганини Юдицкая айтмаган.

Суриштирув муаллифлари Юдицкая учун квартира сотиб олиш Кипр офшор компанияси N.P. Gemini Holdings Ltd. ҳисобидан амалга оширилганини аниқлади, у Роман Абрамович томонидан яширинча назорат қилинган. Бу ҳақда Абрамович билан бизнес юритган ва ёзувлари суриштирувчиларга топширилган бошқа Кипр компаниясининг молиявий ҳужжатларида айтилади.

Юдицкая квартирани сотиб олган куни унга Абрамовичга алоқадор компания ҳисобидан 245 минг доллар ўтказилган. Ҳужжатларнинг ҳеч бирида миллиардернинг исми кўрсатилмаган, бироқ WP маълумотларига кўра, 2008 йилги суд жараёнида эълон қилинган ҳужжатлар Абрамович N.P. Gemini Holdings Ltd.'нинг ҳақиқий эгаси эканлигини кўрсатган.

Абрамовичнинг матбуот котиби миллиардер квартирани сотиб олишда иштирок этганини тасдиқлади, бироқ у буни Путиннинг илтимосига кўра эмас, балки «яҳудий жамияти илтимосига кўра» қилганини айтди. Совғани Россия Федерацияси яҳудий жамоалари федерацияси президенти Александр Борода ташкиллаштирган, деди Абрамовичнинг матбуот котиби.

Мавзуга оид