Жаҳон | 08:51 / 03.04.2023
7795
2 дақиқада ўқилади

Черногорияда собиқ иқтисодиёт вазири янги президент этиб сайланди

Черногориянинг амалдаги президентини сайловларининг иккинчи босқичида мағлубиятга учратган Яков Милатович беш йил ичида мамлакатни Европа Иттифоқига олиб киришга ваъда берди.

Фото: Reuters

Черногориядаги президентлик сайловларида овозларни санаб чиқиш натижаларига кўра, европапараст иқтисодчи, «Европа ҳозир» ҳаракатидан номзод Яков Милатович сайловчиларнинг 60 фоизи қўллаб-қувватлаган ҳолда ғалаба қозонди. Бу ҳақда 3 апрел, душанбага ўтар кечаси сайлов жараёнини кузатувчи Мониторинг маркази (CeMI) маълум қилди.

Сайловда мағлуб бўлган амалдаги давлат раҳбари Мило Жуканович 1991 йилдан бери мамлакат бош вазири лавозимида беш марта ишлаган ва икки марта – 1998 йилдан 2002 йилгача ва 2018 йилдан ҳозиргача президент бўлган. У иккинчи тур якунида мағлубиятини тан олди ва рақибини табриклади. Жуканович 21 майга қадар президентлик фаолиятини давом эттиради.

«Черногория ўз танловини амалга оширди. Мен бу танловни ҳурмат қиламан ва унга муваффақиятли президент бўлишини тилайман. Агар у муваффақиятли президент бўлса, Черногория ҳам муваффақиятли бўлади», - деди Жуканович.

Милатович 2020 йилнинг декабридан 2022 йилнинг апрелигача иқтисодиёт ва иқтисодий ривожланиш вазири лавозимида ишлаган. Ўтган йили у «Европа ҳозир» партиясига асос солган. Ғалабадан сўнг ўз тарафдорлари олдида гапирган Милатович Черногория келаси беш йил ичида Европа Иттифоқига қўшилишини ваъда қилди. Мамлакат 2008 йилда Европа Иттифоқига номзод мақомини олган.

«Черногория олдинга қатъий қадам ташлади ва эскирган Мило Жуканович режими билан хайрлашди. Мамлакат Европа, янада гўзал ва адолатли Черногория томон бир қадам ташлади», - деди Милатович.

Шу билан бирга, сербияпараст лагер томонидан қўллаб-қувватланган Яков Милатович Белград билан ҳам алоқаларни мустаҳкамлашга ваъда берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид