Ўзбекистон | 16:45 / 05.04.2023
8076
3 дақиқада ўқилади

Навоий шаҳар ҳокимлиги мансабдорларига суд ҳукми ўқилди

Ҳокимлик ва шаҳардаги МЧЖлардан бирининг мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, катта миқдорда “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағларини талон-торож қилган.

Фото: KUN.UZ

Kun.uz Навоий шаҳар ҳокимлигининг мансабдорларига 5 ой олдин жиноий иш очилгани маълум бўлгани ҳақида хабар берганди. 2023 йилнинг 10 март куни жиноят ишлари бўйича Конимех тумани судида мазкур иш кўриб чиқилган.

Суд ҳукмида кўринишича, халқ депутатлари Навоий шаҳар кенгаши котибият мудири Р.Ғ., Навоий шаҳар ҳокимлиги маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Т.А., Навоий шаҳар ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ш.Т. ҳамда “Севдиёр-Сурайё” МЧЖ раҳбари И.Т. ўзаро тил бириктириб, “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағларини талон-торож қилишган.

Таъкидланишича, Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Севдиёр Сурайё” МЧЖ ўртасида 2022 йил 28 март куни ҳар бир донаси 400 минг сўм бўлган 380 дона 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси сотиб олиш учун шартнома тузилган. Мазкур шартномага асосан “Аёллар дафтари” жамғармасидан МЧЖ ҳисобрақамига 152 млн сўм маблағ тўлаб берилган. Аммо ҳокимлик ва МЧЖ мансабдор шахслари олдиндан ўзаро тил бириктириб, 380 дона озиқ-овқат жамланмаси қабул қилиб олингани ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштирган. Аслида эса 200 дона озиқ-овқат жамланмаси қабул қилинган.

“Ишбилармонлар” ҳар бир озиқ-овқат жамланмаларига белгиланган маҳсулотларни кам солиш эвазига 14 млн сўм ҳамда олинмаган 180 дона озиқ-овқат жамланмаси ҳисобига 72 млн сўм маблағни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган. 

Шунингдек, ҳокимлик ва мазкур МЧЖ ўртасида 2022 йил 30 апрель куни ҳайит байрами муносабати билан ҳар бири 488 минг бўлган 450 дона 16 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси сотиб олиш бўйича шартнома тузилган. Бунинг учун “Аёллар дафтари” жамғармасидан МЧЖ ҳисобрақамига 219,9 млн сўм маблағ тўланган. 450 та озиқ-овқат жамланмасидан 212 таси қабул қилиниб, маҳаллаларга тарқатилган, қолгани бўйича сохта ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Бу сафар озиқ-овқат жамланмаларига белгиланган маҳсулотларни кам солиш эвазига 37 млн сўм ҳамда олинмаган 238 дона озиқ-овқат жамланмаси ҳисобига 116 млн сўм маблағ “туя қилинган”.

Суд ишида “Севдиёр-Сурайё” МЧЖ раҳбари И.Т. шартномалар бўйича тўланган сумма ҳамда берилган озиқ-овқат жамланмалари нархи ўртасидаги фарқни ҳокимлик вакиллари ундан нақд пул кўринишида олиб кетганлигини айтиб, кўрсатма берган.

Суд ҳукми билан ҳокимлик мансабдорлари турли муддатларга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилган.  

 Ҳозирда суд ҳукми устидан апелляция шикояти киритилган.

Мавзуга оид