Жаҳон | 09:05 / 06.04.2023
10380
2 дақиқада ўқилади

Полша вазири Украина ғалласи туфайли истеъфога чиқди

Полша қишлоқ хўжалиги вазири фермерларнинг оммавий норозиликлари ва Еврокомиссиянинг Украина ғалласини Европа Иттифоқига божсиз олиб киришни 2024 йил июнигача узайтириш қарори туфайли истеъфога чиқди.

Хенрик Ковалчик / Фото: AP

Полша қишлоқ хўжалиги вазири Хенрик Ковалчик 5 апрель, чоршанба куни деҳқонларнинг Украинадан ғалла етказиб берилишига қарши оммавий норозилик намойишлари фонида истеъфога чиқишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, у Еврокомиссиянинг Украина ғалласини божсиз олиб киришни 2024 йилнинг июнигача узайтириш тўғрисидаги қарори туфайли бу лавозимни тарк этмоқда, деб хабар берди Reuters.

Божларни жорий этишни полшалик фермерлар талаб қилишди. Улар ҳатто талаблари бажарилмаса, Украина президенти Володимир Зеленскийнинг 5 апрель куни Варшавага ташрифини бузиш билан таҳдид қилишган. Полша бош вазири Матеуш Моравецкий аввалроқ Зеленский билан муҳокама қилинадиган мавзулардан бири Украинадан ғалла импортининг таъсири бўлишини, у Европа Иттифоқи шарқидаги бир қанча мамлакатларда нархларнинг пасайишига ва қишлоқларда кескинликни кучайтирганини айтди.

Аввалроқ Полша, Болгария, Руминия, Словакия ва Венгрия ҳукуматлари раҳбарлари Европа Иттифоқига Украина озиқ-овқат маҳсулотлари: дон, ёғ ўсимликлари, тухум, парранда гўшти ва шакар миқдорини чеклаш илтимоси билан Европа комиссиясига мурожаат қилган эди.

Украинанинг анъанавий экспорт йўллари Россиянинг кенг кўламли босқини бошланишидан бери тўсиб қўйилган. Полша ва Шарқий Европанинг бошқа давлатлари Украина ғалласини учинчи мамлакатлар бозорларига олиб ўтишда ёрдам беришни таклиф қилишди. Бундан ташқари, ЕИ ўз ташишларини осонлаштириш учун божхона тўловлари ва импорт квоталарини бекор этди. Бироқ логистика муаммолари туфайли минтақада ғалла йиғилиб, маҳаллий бозорларда нархларнинг арзонлашишига олиб келди.

Мавзуга оид