Жамият | 18:49 / 07.04.2023
22233
2 дақиқада ўқилади

Ғалаба завқи: “Ташаббусли бюджет” ғолиблари байрамни бошлаб юбордилар

“Ташаббусли бюджет”нинг жорий йил 1-мавсуми якунланди. Энг кўп овоз тўплаб, ғолиб чиққан маҳаллаларда, мактабларда байрам қилиняпти. Эришилган ғалаба карнай-сурнай билан нишонланяпти. Ғолиб бўлган 1666 та ташаббусни амалга оширишга 1,6 триллион сўм ажратилган.

“Ташаббусли бюджет”нинг 1-мавсумида жами 1666 та ташаббус ғолиб деб топилди. Уларни амалга ошириш учун 1,6 трлн сўм маблағ йўналтирилади.

Ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг катта қисмини ижтимоий соҳа объектлари, ички йўлларни таъмирлаш, кўча чироқлари ўрнатиш, ичимлик суви, табиий газ ҳамда электр энергияси тармоқларини тортиш каби масалалардан иборат.

Андижон вилоятининг Пахтаобод туманидаги 21-ИДУМда синф хоналари етишмас эди. Маҳалла аҳолиси ва мактаб жамоаси бирлашиб, қўшимча ўқув биноси қуриш бўйича лойиҳа киритганди. Қилинган ҳаракат натижасида мазкур лойиҳа 8350 та овоз тўплади ҳамда ғолиб деб топилди. Мактаб жамоаси бу ғалабани ўқувчилар билан биргаликда байрам қилиб нишонлашди.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги Алижон қишлоғи аҳолиси ҳам ғолибликни катта хурсандчилик билан қарши олишди. Мазкур қишлоқда 3-6 ёшли болалар сони 325 нафарни ташкил этади. Аммо ҳудудда болалар боғчаси йўқ. “Ташаббусли бюджет”га қишлоқда болалар боғчаси қуриш бўйича киритилган лойиҳа ғолиб бўлди. Бу алижонликлар учун катта натижа.

Бундай хурсандчиликлар республиканинг кўплаб ҳудудларида бўлиб ўтмоқда. Ўз ҳудудларидаги муаммони ҳал этишда бирлаша олган одамлар ғалаба қувончини ҳис қилишяпти.

“Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилги 1-мавсумида энг кўп лойиҳа Бухоро вилоятидан ютилган – 173 та. Наманган (154 та), Тошкент (152 та) Самарқанд (147 та), Сурхондарё (147) вилоятларида ҳам 150 га яқин лойиҳалар ғолиб бўлган. Энг кам ғолиб ташаббуслар эса Навоий (85 та) ва Жиззах (67 та) вилоятида.

Мавзуга оид