Жаҳон | 12:16 / 07.04.2023
4988
2 дақиқада ўқилади

Оқ уй: Украина бўйича украиналикларнинг иштирокисиз музокара ўтказилмайди

Оқ уйнинг фикрича, фақат Украина президенти Володимир Зеленский Россия билан музокаралар ўтказишга тайёрми ёки йўқлигини ҳал қилиш ҳуқуқига эга. Бу ҳақда Вашингтондаги брифингда АҚШ президенти маъмурияти Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди. 

Жон Кирби / Фото: Getty Images

«Биз Украинасиз Украина бўйича музокаралар олиб борилмаслигига ишонамиз», — дея таъкидлади у ОАВнинг Киев маълум шартлар остида Россия билан Қрим бўйича музокаралар олиб боришга тайёрлиги ҳақидаги хабарларига жавоб бериб. 

Аввалроқ Украина президенти девони раҳбарининг халқаро алоқалар бўйича ўринбосари Андрей Сибига Британиянинг Financial Times газетасига берган интервьюсида Россия билан аннексия қилинган Қримнинг келажаги бўйича Украина Қуролли кучларининг муваффақиятли қарши ҳужумидан сўнг музокаралар олиб бориш имкониятини тан олганди. 

Кейинроқ Зеленскийнинг матбуот котиби Сергей Никифоров бу каби масалаларда фақат Украина президенти баёнотларига эътибор қаратишни тавсия қилди. 

Бундан олдин АҚШнинг Европадаги собиқ қўмондони, истеъфодаги генерал-лейтенант Бен Ходжес Россия томонидан аннексия қилинган Қрим Украинанинг қарши ҳужуми учун «ҳал қилувчи ҳудуд» эканини айтганди

Агар Қрим озод этилса, ҳаммаси ўзгаради, деди Ходжес. Унинг фикрича, Украина кучларининг бўлажак операцияси яриморолни, кейинроқ эса Донбассни озод қилишга қаратилган бўлади.

Ҳозир Украина Қуролли кучлари Бош штаби қарши ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда ва бўлажак операция ҳақидаги маълумотларни ҳар томонлама ҳимоя қилмоқда. Қарама-қарши ҳужумнинг муваффақияти Россия ҳарбий қисмларига «фалокатли таъсир кўрсатиши мумкин», дея қўшимча қилди Ходжес.

Мавзуга оид