Нуқтайи назар | 17:04 / 08.04.2023
287587
5 дақиқада ўқилади

Тезлашаётган кўп қутблилик: Олимпга чиқаётган Пекин

Иккинчи жаҳон уруши тугаган 1945 йилдан бошлаб то 1991 йилга қадар бўлган давр совуқ уруш билан ўтди. Кўпгина тарихчилар ва сиёсатшунослар совуқ урушни Учинчи жаҳон уруши сифатида таърифлашади. Уларнинг фикрига кўра, совуқ уруш даврида дунё учга бўлинган эди: АҚШ ва унинг иттифоқчилари, собиқ СССР ва унинг иттифоқчилари ҳамда учинчи дунёдаги “бетарафлар”.

ХХР раиси Си Жинпинг / Фото: Thibault Camus / AFP via Getty Images

Лекин совуқ урушда икки тараф ўзининг тасарруфидаги барча воситаларни ишга солиб, ягона қўрқинчли сценарийнинг амалга ошишига имкон бермасликка интилди. Бу ҳам бўлса, ядровий тўқнашувлар эди.

Совуқ урушда СССР йиқилди, социалистик лагер тўлиқ ютқазди. Қолаверса, бу уруш натижасида СССР нафақат ютқазди, балки парчаланди ҳам. Cоциалистик лагерга кирган давлатлар капиталистик тизимга, демократик бошқарувга ўтишди. Шунингдек, социалистик лагер билан курашиш борасидаги энг асосий ҳарбий-хавфсизлик ташкилоти бўлмиш НАТОга ҳам аъзо бўлишди.

1990 йиллар – либерализм ва панамерика дунёсининг триумфи, мутлақ ғалабаси даври ҳисобланади. Собиқ СССР ва социалистик лагернинг қулаши билан дунёда бир қутбли геосиёсий вазият шаклланган эди. Вашингтонга муқобил бўлган, у билан тенгма-тенг суриша оладиган, уни тийиб тура оладиган бирон бир салоҳиятли куч бўлмади. Жумладан, Россия Федерацияси ҳам. Хитой Халқ Республикаси АҚШнинг қарорларини тан олишга ёки де-факто қабул қилишга маҳкум эди.

Лекин кейинги икки ўн йилликда, дунё геосиёсати аста-секинлик билан, бир қутблиликдан мураккаб вазиятга кўчиб бораётганини кузатиш мумкин. Ҳозирча дунёда барқарор ва кучлар нисбати яқинроқ бўлган кўп қутблилик шаклланмади. АҚШнинг иқтисодий ва ҳарбий салоҳияти ҳали ҳам жуда катта.

Россия АҚШ ва НАТОга қанчалик чақириқ ташламасин, иқтисодий, ҳарбий, технологик ва геосиёсий ресурслар ўртасидаги фарқ жуда катта. Қолаверса, Украинага уруш бошлаб, Россия янги эксперимент очди. Ҳали бу экспериментнинг натижаси маълум эмас. Маълум бўлгани – Россия ўз ниятига қисқа ва самарали кўринишда эриша олмади.

Украинадаги уруш чўзилиб кетди. Бу уруш икки томоннинг ҳам тинкасини қурита бошлади. Урушлар шуниси билан хавфлики, уни бошлаш осон, тугатиш қийин. Чунки урушаётган томонлар ғалаба билан чиқишни исташади, ғалаба эса иккинчи томоннинг мағлубияти билан белгиланади.

Шунинг учун ҳам, урушга кирган тарафлар ё ўзи, ёки душмани тўлиқ енгилмагунига қадар давом этаверади. Украина-Россия урушида эса, кучлар нисбати ўртасидаги фарқ 5-10 фоиздан ошмаяпти.

Кейинги ўн йилликлардаги энг катта ўсиш феномени – Хитойда кузатилди. Бу нафақат иқтисодий, балки сиёсий ва дипломатик ўсиш ҳам эди. Бугун дунё иқтисодиётидаги Хитойнинг улуши 18 фоизни ташкил қилади, Американики эса 15 фоиз атрофида, яъни 3 фоизга кичикроқ.

Украина уруши фонида, айниқса, кейинги ойларда Пекиннинг салоҳияти янада ошмоқда. Бугун Пекин энг муҳим ўртакаш, воситачи, тинчликпарвар ёки кучлар нисбатини ўзгартирувчи қудрат сифатида қабул қилиняпти.

Путин ҳам Хитойдан умид қилмоқда. Коллектив Ғарб, аввало, Европа ҳам Хитойга юзланиб, Россияга ҳарбий ва иқтисодий ёрдам бермасликни илтимос қилмоқда. Хитой ҳеч нарса қилмасдан, кучлар нисбатини белгиловчи муҳим давлат сифатида кўрила бошлади. Бунга сабаб, Хитойнинг глобал вазни ниҳоятда катталашиб бораётгани бўлади.

Хитой эҳтирослар билан қарор қабул қилмайди. Бир томондан Пекин Россия билан бирга АҚШпараст дунёнинг йиқилишини орзу қилади. Лекин бошқа томондан Украинанинг ҳудудлари аннексия қилинишини истамайди. Россияга қўшилиб, Коллектив Ғарб билан алоқаларни пасайтиришни ёки ёмонлашишини хоҳламайди.

Хитой – жуда вазмин, жуда мулоҳазакор ва узоқни ўйловчи давлатдир. Украина-Россия уруши борасида ҳам Хитой шундай қарор қабул қиладики, зиддиятдаги ҳеч бир тараф тўлиқ норози ҳам бўлмайди, тўлиқ рози ҳам бўлмайди. Чунки Хитойнинг сиёсий манфаатлари Россия тарафда бўлса, савдо-иқтисодий алоқалари кўпроқ Европа билан, ҳудудий яхлитлик каби қадриятлари эса Украина тарафида бўлишни тақозо қилади.

Дунёда аста-секинлик билан кўп қутблилик шаклланиб бормоқда. Украинага уруш қилиб Россия бу кўп кутблилик шаклланишини тезлаштирмоқчи эди. Лекин бу йўлда ўзи қопқонга тушган кўринади. Бироқ дунёда кўп қутблилик шаклланиши муқаррар бўлар экан, иккинчи глобал қутб сифатида Москва эмас, айнан Пекин кўрилади ва бўлади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид